Жорий йилнинг 20 июнь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Aхмедов, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамда “Kaplan International Pathways” ташкилоти бошқарув директори Линда Кован ва ташкилот раҳбарияти ўртасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама меморандум имзоланди.
Маълумот учун: “Kaplan International Pathways” ташкилоти 1938 йил АҚШ да ташкил қилинган бўлиб, 2005 йилдан бошлаб Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида фаолият юритиб келмоқда. Халқаро ташкилотнинг дунё рейтингида энг юқори ўринларни эгаллаган Буюк Британия, Австралия ва Янги Зелландия АҚШ каби ривожланган давлатлардаги 20 дан ортиқ университетларда бакалавриат дастури бўйича бир йиллик тайёрлов курслари (Foundation Year)да ўқишини ташкил этиб келмоқда.

Мазкур меморандумга мувофиқ, “Kaplan International Pathways” ташкилоти кўмагида Буюк Британия, Австралия ва Янги Зелландия АҚШ каби ривожланган давлатларда ўқийдиган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг бакалавриат дастури бўйича бир йиллик тайёрлов курслари (Foundation Year)да ўқийдиган стипендиатлари учун алоҳида ўқиш харажатларидан 25 фоизига қадар чегирмалар ажратилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Жамғарма “Kaplan International Pathways” ташкилоти кўмагида вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ҳамкорликда ташкил қилишга келишилди.
Куннинг иккинчи яримида Ж. Aхмедов ва Буюк Британиянинг Бирмингем университети раҳбарияти иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди.

Маълумот учун: Бирмингем университети 1900 йилда ташкил этилган бўлиб, Буюк Британия ва дунёнинг энг йирик ҳамда нуфузли университетларидан бири ҳисобланади. Бирмингем шаҳрининг марказий қисмида, Англияда жойлашган. Талабалар сони 31 минг кишидан ошади, чет эллик талабалар 10 мингдан ортиқдир. Ушбу университет аёл-қизлар кўп ўқийдиган университетлардан бўлиб, умумий талабаларнинг 58% аёллар улушига тўғри келади. Асосий кампуснинг майдони 330 гектарни ташкил этади, бу Бирмингем университетини Англиянинг марказий қисмидаги энг йирик таълим муассасасига айлантиради.
Университет халқаро QS рейтингининг энг яхши 90 талигига киради. Университет санъат ва гуманитар фанлар, муҳандислик ва технология, ҳаёт ҳақидаги фанлар, табиий фанлар, ижтимоий фанлар ва менежмент бўйича энг яхшилар қаторига киради.

Олиб борилган музокаралар натижасида, мазкур университетда таълим оладиган ва ўқиётган ҳар бир стипендиатларнинг ўқиш харажатларидан 15 фоиз миқдорда чегирмалар берилишига эришилди.
Мулоқот давомида, Жамғарма раҳбарияти томонидан бугунги кунда мазкур университетда таълим олаётган 5 нафар Жамғарма стипендиатларини таълим олиш жараёнларида яқиндан ёрдам бериш, уларнинг яхши ўқишлари учун қўшимча шароитлар яратиш масаласи юзасидан таклиф киритди ва университет раҳбарияти мазкур йўналишда барча стипендиатларни алоҳида қўллаб қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, давлат хизматчиларини ушбу ташкилот кўмагида Буюк Британияда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил қилишга келишилди.
Маълумот учун: Мазкур нуфузли университет билан яқин кунларда юқоридаги келишувлар акс этган икки томонлама меморандум имзоланади.
Шундан сўнг, Ж. Ахмедов Бирмингем университетида таҳсил олаётган Жамғарма стипендиатларининг ўқиш ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш ва мониторинг қилиш мақсадида стипендиатлар билан учрашди. Уларнинг ўқишидаги муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ва келажакдаги режалари билан фикр алмашди.


