Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан юртимиз обрўсини янада оширишга, юртдошларимизни она Ватан равнақи йўлида бирлаштиришга, Ўзбекистоннинг янгича қиёфаси, унинг халқчил тараққиёт стратегияси, иқтисодий ва туристик потенциалини илгари суриш, бой илмий мероси, маданий қадрият, урф-одат ва анъаналарини намойиш этиш, шунингдек, халқаро майдондаги имиджининг янада ошишига ҳисса қўшиш мақсадида Буюк Британияда истиқомат қилаётган фаол ватандошлар томонидан жорий йилнинг 17-18 июнь кунлари Лондоннинг Темза дарёси “Таур Бридж” кўприги ёнидаги “Поттерс Филдз” хиёбонида “Ўзбекистон маданияти фестивали” ўтказилди.

Мазкур фестивал доирасида кўргазмалар павилионидан “Эл-юрт Умиди” жамғармаси учун алоҳида жой ажратилди. Тадбирда Жамғарманинг 70 нафардан ортиқ стипендиатлари томонидан қатор амалий тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Эл-юрт Умиди” жамғармасига ажратилган павилионда турли хилдаги янги ғоялар, “Эл-юрт Умиди” жамғармасининг стипендиатлари ўқийдиган Олий таълим муассасалар акс этган плакатлар, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни тарғиб қилувчи ўйин-кулгулар, шу билан бирга ўзбекона миллий кийиниш маданиятини тарғиб қилувчи кўргазмалар ташкил этилди.

Фестивал жараёнида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари Ж. Ахмедов ҳамда стипендиатлари сўзга чиқиб, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлар, уларнинг ўқиш давомида эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.
Куннинг иккинчи ярмида “Эл-юрт Умиди” жамғармаси стипендиатлари билан Жамғарма ижрочи директорининг ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов томонидан давра суҳбати учрашуви ўтказилди. Учрашув давомида бугунги кунда стипендиатларни ўқиши жараёнида дуч келаётган муаммолари ва уларга ечим, шу билан бирга уларнинг ўқиш жараёнларини мониторинг қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Ж.Ахмедов томонидан “Эл-юрт Умиди” жамғармаси стипендиатларига эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга стипендиатлар Ўзбекистонни хориждаги имиджини янада оширишга қўшаётган ҳиссалари учун ташаккурнома ва дипломлар билан тақдирландилар.
Эслатиб ўтамиз, мазкур маданият фестивали илк маротаба ўтказилди.




