Жорий йилнинг 10 июнь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг хорижда педагогика, лингвистика, психология ва гуманитар фанлар йўналишларида таълим олаётган стипендиатлар учун ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда: Мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.Умарова, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Бекмуродов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъуллари ва жамоаси ҳамда хориждаги нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирок этдилар.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад дея таъкитлади А.Бекмуродов – педагогика, лингвистика, психология ва гуманитар фанлар йўналишларида таълим олаётган 100 га яқин Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, миллий қадриятларини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш ҳамда уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятига жалб этиш кўзда тутилган.
Онлайн мулоқот жараёнида Х.Умарова томонидан мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида гапириб, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ечимини кутаётган масалаларда Жамғарманинг хорижда таълим олаётган стипендиатлари таклифлари ва ташаббусларига таянишини маълум қилиб ҳамкорликда турли лойиҳаларни бирга амалга ошириш таклифини киритди.
Жамғарма стипендиатлари томонидан соҳани янада ривожлантиришга доир таклифлар муҳокама қилинди, жумладан ўқув дастурларини халқаро талаблардан келиб чиқиб янгилаш, мактабларда таълим олаётган ўқувчиларни баҳолаш тизимига янгича ёндашувларни қўллаш, мактаб ўқитувчиларини бошқа мактабларда қисқа муддат дарс ўтиш амалиётини жорий қилиш, мактабларда ўқиш жараёнида ўқувчи ва ўқитувчини телефондан фойдаланмаслик амалиётини киритиш, соҳада амала оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиб борадиган илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ўзларининг таклифларини билдирдилар.
Учрашув давомида Ж. Ахмедов томонидан Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқот олиб борадиган вазирлик масъуллари иштирокида алоҳида канал яратиш ва янги лойиҳаларини доимий муҳокама қилиб бориш, вазирликдан Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган масъул ходим бириктириш, стипендиатлар хориждан таътил вақтида юртимизга қайтганларида вазирлик тизимида амалиёт ўташлари учун шароитлар яратиб бериш ҳамда мактаб ўқитувчилари учун стипендиатлар таълим олаётган хорижий таълим муассасалари тажрибасидан мастер класслар ўтишлари учун шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлар таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида уларни мазкур вазирликларда амалиёт ўташлари бўйича таклифларига вазирликлар раҳбарияти шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирликлардан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишиб олинди.
Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликларнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

