Жорий йилнинг 10 май куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Австралиянинг Эдит Кован университетининг (Edith Cowan University) раҳбарияти ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокамаси юзасидан Жамғармада учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Эдит Кован университети — Ғарбий Австралиядаги давлат университети бўлиб, Австралия парламентига сайланган биринчи аёл Эдит Кован шарафига номланган ва аёл номи билан аталган ягона Австралия университет саналиб, 1991 йилда университет мақомига эга бўлган.
2020 йилда университетга 31 000 дан ортиқ талабаларни қабул қилди, улардан тахминан 7000 нафари халқаро талабалар ҳисбланади. Университет таркибий бўлинмаларига қуйидагилар киради, Ғарбий Австралия Ижро санъати академияси, саҳна санъати ўқув академияси, ҳамширалик ва акушерлик мактаби ва кенг кўламли ўрта ўқитувчилик мутахассисликларини таклиф қилувчи таълим мактаби.

Университет, шунингдек, киберхавфсизлик бўйича муҳим тадқиқот ва таълим дастурига эга бўлиб, у киберхавфсизлик бўйича иккита федерал академик марказлардан бири ва халқаро киберхавфсизлик марказидаги ягона Австралия аъзо университетидир.
Эдит Кован университети масъулларига Ж.Ахмедов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти таълим дастурлари ва стипендия танловлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Учрашувда, Эдит Кован университети проректори Дарёуш Ҳабиб Жамғарма билан келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка курсларини ташкил этиб бериш таклифларини қўллаб қувватлади.
Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари, малака ошириш ва стажировка дастурлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Учрашув якунида, томонлар ўзаро истиқболли ҳамкорлик алоқалари давом эттиришга келишиб олдилар.

