Жорий йил 8 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиғи С. Тўйчиев ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти, масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва битирувчи курс талабалари учун университетда амалий семинар бўлиб ўтди.
Ушбу амалий-услубий семинардан кўзланган мақсад университетдаги иқтидорли ва истиқболли, ёш мутахассисларни излаб топиш уларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда ўқишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини Жамғарманинг 2023 йилги стипендия танловларига жалб этишга қаратилган.

Мазкур семинарда 500 га яқин талаба-ёшлар ҳамда мутахассислар иштирок этдилар. Семинар давомида Жавохир Ахмедов сўзга чиқиб, бугунги кунда Жамғарма томонидан ёшларга яратилаётган имкониятилар, ажратилаётган хорижий стипендиялар, очиқ стипендия танловларининг тартиби ва талаблари, қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги, илғор хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш имкониятлари тўғрисида тақдимот қилди.
Мулоқот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, кўплаб ёшлар ва мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Бу каби амалий-услубий семинарларни Жамғарманинг 2023 йилда ўтказиладиган биринчи стипендия танлови эълон қилинишидан олдин республикамизнинг барча ҳудудлардаги ёшлар ва мутахассислар учун ўтказиш режалаштирилган.

