Жорий йилнинг 3 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Жамғарма бўлим бошлиғи А. Аъзамхонов, Ўзбекистон Республикасининг Испания қироллигидаги элчихона вакили, Олий таълимни халқаролаштириш бўйича Испания хизмати директори Хосе Аурелио, ташкилот маслаҳатчилари Ева Лампле ва Патрисия Ониева, Испаниянинг Москвадаги элчихонасининг таълим бўйича маслаҳатчиси Алберт Витриа иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокамаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Таълимни халқаролаштириш бўйича Испания хизмати Испанияда Эрасмус+ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган Миллий агентлик вазифасини бажарадиган мустақил муассасадир.
Ушбу ташкилот бутун Испания университет тизимини ташкил этувчи 87 та университет ва хорижий ҳукуматлар ёки муассасалар – давлат ва хусусий ташкилотлар ўртасидаги ягона воситачидир. Унинг вазифаларига испан олий таълимини бутун дунё бўйлаб халқаро тарғиб қилишга ҳисса қўшиш, чет эллик талабалар, профессорлар ва тадқиқотчиларга маълумот ва маслаҳатлар бериш ҳамда халқаро мобиллик дастурларини мувофиқлаштириш мақсадида хорижий ҳукуматлар ва муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатади.
Халқаро рейтингларга (THE, QS va ARWU) кўра, таълим дастурлари ва ўқитиш бўйича испан университетлари дунёнинг энг яхшилари университетлар қаторига киради.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун ҳамкорликда молиялаштириш дастурларини яратиш, Ўзбекистонлик ёшларни ва мутахассисларни Жамғарма стипендиялари орқали Испаниядаги нуфузли университетларда таълим олишини ташкил этиш, Жамғарманинг ҳамкорлик алоқалар географиясини янада кенгайтиришдан иборатдир.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари келажакда Жамғарма стипендиатлари Испаниянинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятлари, Испания томонидан Жамғарма учун ажратиладиган алоҳида грантлар, Жамғарманинг таълим дастурларини молиялаштириш харажатлари ва бошқа чегирмалар берилиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан нанотехнологиялар, сунъий интеллект, атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, геология, металлургия, машинасозлик, туризм, кулинария, меҳмонхона иши каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳалар бўйича малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жамғарма томонидан Испаниянинг нуфузли университетлари ва инновацион компанияларида давлат хизматчилари ҳамда ўрта бўғин раҳбар кадрлари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил этиш масаласи ҳам кўрилди.
Мулоқот давомида, Ж. Ахмедов томонидан Испаниянинг нуфузли университетларида докторантура босқичида ўқиш харажатлари 60 евро, магистратура ва бакалавриатда босқичида эса энг юқори тўлов 5-6 минг евро эканлигини инобатга олиб, мазкур давлатнинг нуфузли университетларига Жамғарма стипендиатларини таълим олишини ташкил этиш масалалари жуда муҳим эканлигини қайт этиб, бу борада икки томонлама ҳамкорликда меморандум имзолаш муҳимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Жамғарма стипендиатларининг мазкур мамлакатнинг ТОП университетларида таълим олишларига имконият яратилиш давлат бюджетидан стипендиатлар учун ажратилаётган маблағларни иқтисод қилиш имконини беради.
Ташкилот раҳбари Хосе Аурелио сўнги йилларда Ўзбекистон ҳамда Испания ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ижобий ривож топаётганлигини таъкидлаб, юқорида киритилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.
Мазкур учрашув якуни бўйича ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш ва апрель ойида имзолашга тайёрлаш, шунингдек, мазкур меморандум орқали стипендиатлар ўқув тўловларидан чегирмалар ажратиш ҳамда ҳамкорликда семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.

