Жорий йилнинг 26 январь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари А. Хамдамов ва А. Аъзамхонов ҳамда Туркиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Таълим институтининг раҳбари Меҳмет Акиф Киречжи, Билкент университетининг Халқаро алоқалар бўйича раҳбари Др.Гонжа Билтекин иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокамаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: 1964 йилда Эрон Ислом Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Туркия Республикаси томонидан Ривожланиш учун Минтақавий Ҳамкорлик сифатида ташкил этилган Форум 1985 йилда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти номи билан қайта номланди.
Ташкилотнинг асосий мақсади аъзо давлатларнинг биргаликдаги фаровонлигига қаратилган минтақада барқарор иқтисодий ривожланишни давом эттириш учун қулай шарт-шароитларни яратишдир. Институтнинг асосий вазифаси - ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида кадрлар малакасини ошириш, жумладан, талабалар ва ўқитувчилар алмашинув дастурлари ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим грантларини ажратиш, аъзо давлатларнинг таълим муассасалари ўртасида замонавий технологиялар алмашинувига кўмаклашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш.
Мазкур учрашувда, Ж. Ахмедов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Туркиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Таълим институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини Туркияда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурларини ҳамкорликда ташкил этиш бўйича таклиф киритди.
Учрашув давомида Меҳмет Акиф Киречжи бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларининг ижобий ривож топаётганлигини таъкидлаб, киритилган таклифлар юзасидан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини маълум қилдилар.
Мазкур учрашув якунида томонлар давлат хизматчиларини Туркияга стажировка ўташга юборилишига ҳамда ҳамкорликда ташрифларни амалга оширишга келишиб олинди.

