Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида Франциянинг Париж-Сакле университети “Ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув” факультети раҳбариятининг ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокамаси юзасидан “Эл-юрт умиди” жамғармасига ташриф буюрди.
Мазкур учрашув “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари А. Хамдамов ва А. Аъзамхонов ҳамда Париж-Сакле университетининг Жан Моне номидаги “Ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув” факультети декани Борис Бернабе, “Ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув” факультети профессори Жулиен Будонлар иштирокида бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Париж-Сакле университети (Université Paris-Saclay) 2019 йилда Франциянинг 10 та энг йирик университет, олий мактаб ва тадқиқот институтлари асосида ташкил этилган. Бунга қадар университет 1971 йилда ташкил этилган Париж Суд университети (University of Paris-Sud) ва мазкур университет ўрнида 1150 йилда асос солинган қадимий Париж университети (The University of Paris) номи билан юритилган. Университетнинг 2020 йилдаги “Academic Ranking of World Universities” рейтингида математика бўйича 1-ўринни, физика бўйича 9-ўринни, қишлоқ хўжалиги фанлари доирасида 12-ўринни, тиббиёт соҳасида 24-ўринни ва автоматика соҳасида 29-ўринни эгаллаган. 2021 йилги “Шанхай рейтингида” 22- ўринни эгаллаган.
Университет асосан таълим, тадқиқот, ишлаб чиқариш принципи асосида фаолият олиб боради. Таълим даргоҳининг 17 та кампусида 48 000 талаба таҳсил олади, шундан магистратура дастурида 12 мингта, докторантурада босқичида 4,5 мингта. Таҳсил олаётган умумий талабаларнинг 45% ни хорижий талабалар ташкил этади. Университет таркибидаги 300га яқин илмий текшириш марказларида (Франция тадқиқот салоҳиятининг 13%) 15 мингта тадқиқотчи фаолият олиб боради. Париж-Сакле университетини битирган 2 та Нобель мукофоти совриндорлари мавжуд. Париж-Сакле Университетининг Жан Моне номидаги “Ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув” факультетининг битирувчиларига “Ҳуқуқ ва инновация” йўналишида мутахассислик берилади. Магистратура босқичида “Рақамли ҳуқуқ ва интеллектуал мулк ҳуқуқи”, “Саломатлик ҳуқуқи”, “Авиакосмик хуқуқ”, “Хусусий ва оммавий ҳуқуқ”, “Халқаро оммавий ва Европа ҳуқуқи”, “Халқаро ва Европа ҳуқуқи”, “Дипломатия ва стратегик музокаралар” каби йўналишларда дастурлар мавжуд.
Мазкур учрашувда, бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б Ж. Ахмедов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Франциянинг Париж Сакле университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мазкур университетда жамғарма стипендиатлари сонини ошириш ва стипендиатлар учун яхши шароит яратиш, шунингдек вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини Францияда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурларини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича таклифлар киритилди.
Учрашув давомида профессор Борис Бернабе томонидан ҳозирда мазкур университетда таҳсил олаётган тўрт нафар жамғарма стипендиатларининг таълими ва университетнинг Париж бўйлаб жойлашган кампуслари ва таълим олиш шароитлари бўйича тақдимоти эшитилди.
Суҳбат жараёнида университет профессорлари бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларининг ижобий ривож топаётганлигини таъкидлаб, берилган таклифлар юзасидан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини маълум қилдилар.
Мазкур учрашув якуни бўйича томонлар ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш ва март ойида имзолашга тайёрлаш, шунингдек мазкур меморандум орқали стипендиатлар ўқув тўловларидан чегирмалар ажратиш ҳамда ҳамкорликда семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни ўрнатиш ва протокол хизмати бўлим

