2023 йилнинг 20 январь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари A.Хамдамов ва A.Aъзамхонов ҳамда Оксфорд университетининг Узлуксиз таълимни ривожлантириш ва талабаларни қўллаб қувватлаш бўйича директори Саманта Девиес ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан ZOOM орқали онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Оксфорд университети (University of Oxford) Буюк Британияда жойлашган йирик ва қадимий университет бўлиб, инглиз забон дунёдаги энг қадимий ҳозиргача мавжуд бўлган университет, THE (The Times Higher Education World University Rankings) халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнингда 1 ўринда туради.
Шунингдек, Оксфорд дунёдаги энг кўҳна тарихга эга университет музейи ҳам ҳисобланади. Университет энг йирик университет матбуоти ва бутун мамлакат бўйлаб энг катта академик кутубхона тизимига эга. 2021 йил даги умумий даромади 2,45 миллиард фунт стерлингни ташкил етди, шундан 624,8 миллион фунт стерлинг тадқиқот грантлари ҳамда шартномалардан тушган.
Оксфорд университетининг кўплаб таниқли битирувчилари мавжуд. Жумладан, Бирлашган Қиролликнинг 30 та бош вазирларини ҳамда бутун дунё бўйлаб кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарларини мазкур университетни тамомлаган. 2022 йил октябрь ҳолатига кўра, 73 та Нобел мукофоти совриндорлари, 4 та Фиелдс медали совриндорлари ва 6 та Тюринг мукофоти совриндорлари, 160 та Олимпия медалини қўлга киритган инсонлар Оксфорд университетида таҳсил олган.
Мазкур учрашувда, Ж. Ахмедов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Оксфорд университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда мазкур университетда Жамғарма стипендиатларининг таълим олиш имкониятлари, университет томонидан тақдим этилаётган дастурлар ҳамда Жамғарма стипендиатларининг ўқиш харажатларидан чегирмалар ажратиш имкониятлари бўйича таклифлар киритилди.
Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини Оксфорд университетида қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил бўйича таклифлар муҳокама қилиниб, Жамғарма томонидан республикамиз вазирлик ва идоралари раҳбар кадрлари учун Буюк Британиянинг Оксфорд университети Саид Бизнес-мактабида малака ошириш курсларини ташкил этиш жорий йил февраль ойидан бошлаб амалга ошириладиган бўлди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар Саманта Девиес томонидан қўллаб қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Мазкур учрашувда Жамғарма стипендиатларини ушбу университетда таълим олишида кўмаклашиш шунингдек, Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлари учун университетда ўқиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.
Саманта Девиес тақдим этган маълумотларга кўра, сўнги 3 йилда 50 га яқин ўзбек миллатига мансуб номзодлар Оксфорд университетида ўқиш мақсадида ҳужжат топширган. Бундан 10 нафар номзод ўқишга қабул қилинган бўлиб, 2 нафар номзод ўқишни молиялаштира олиб, Оксфорд талабаси бўлган. Мазкур талабалар орасида бир нафари мутахассис Жамғарма стипендиати ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларининг истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум лойиҳасини кўриб чиқиш ва имзолашга, шунингдек, ҳамкорликда ташрифлар амалга оширишга келишиб олдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

