Жорий йилнинг 14 январь куни хорижда Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, биотехнология кимё ва биология йўналишлари бўйича таълим олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлар учун ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов, Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаси ректорлари вазирлик жамоаси ҳамда Жамғарманинг хориждаги нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирок этдилар.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, биотехнология кимё ва биология йўналишлари бўйича хориждаги нуфузли университетларда таълим олаётган 100 га яқин Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, миллий қадриятларини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш ҳамда уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятига жалб этиш кўзда тутилган.
Онлайн мулоқот жараёнида А. Иноятов томонидан мамлакатимизда 2023 йилни "Инсонга эътибор ва сифатли таълим" йили деб эълон қилинганлиги бу эса Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги, вазирлик тизимида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.

Жамғарма стипендиатлари томонидан соҳани янада ривожлантиришга доир таклифлар муҳокама қилинди, жумладан Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, соҳада коррупцияга қарши курашиш, хорижий фармацевтик дориларни сифатини назорат қилишни янада кучайтириш, маҳаллий доривор ўсимликлардан янги дори турларини яратиш учун инновацион лабораториялар яратиш, онкологик касалликларга қарши курашишнинг янги замонавий усуллардан фойдаланиш, аҳолини тиббий саводхонлигини ошириш, тиббиёт ОТМларини ўқув дастурларини хорижий тажрибадан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий тажрибага эга кадрларни кенг жалб қилиш хорижий нуфузли университетлар билан алоқаларни ўрнатишда Жамғарма стипендиатларини ёрдам бериши, соғлиқни сақлаш тизимини истиқболи учун хизмат қиладиган кўплаб хорижий тажрибаларни қўллаш амалиёти юзасидан ўзларининг таклифларини билдирдилар.
Учрашувда иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазири истиқболли таклиф ва режаларни ҳар доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилдилар. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, биотехнология кимё ва биология йўналишлари бўйича ўқишни тамомлаш арафасида турган хорижий билим ва тажрибага эга бўлган Жамғарма стипендиатларини вазирлик тизимидаги ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлар таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида уларни мазкур вазирликда амалиёт ўташлари бўйича таклифларига вазирлик раҳбарияти шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирлик раҳбарияти билан бундай мулоқотларни доимий ташкил этишга ҳамда хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишиб олинди.
Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

