Жорий йилнинг 30 декабрь куни педагогика, гуманитар фанлар ва олий таълимни ривожлантириш йўналишлари бўйича хорижда таълим олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлар учун ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда: Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Бекмуродов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.Хасанов ва Жамғарма ижрочи директори ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов ҳамда Жамғарманинг хориждаги нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирок этдилар.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – педагогика, гуманитар фанлар ва олий таълимни ривожлантириш йўналишлари бўйича хориждаги нуфузли университетларда таълим олаётган 100 га яқин Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, миллий қадриятларини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш ҳамда уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятига жалб этиш кўзда тутилган.
Онлайн мулоқот жараёнида К.Каримов томонидан мамлакатимизда 2023 йилни "Инсонга эътибор ва сифатли таълим" йили деб эълон қилинганлиги бу эса олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги, республикамиздаги олий таълим ташкилотларини халқаро тан олинган рейтингларда ўрин эгаллаши борасида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.

Жамғарма стипендиатлари томонидан соҳани янада ривожлантиришга доир таклифлар муҳокама қилинди, жумладан олий таълимнинг халқаролашуви, таълим сифатини янада ошириш йўллари, илмий адабиётлар ва мақолалар чоп этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, хорижий нуфузли университетлар билан алоқаларни ўрнатишда Жамғарма стипендиатларини ёрдам бериши, электрон кутубхоналар платформасини яратиш ва ривожлантириш йўллари, таълим тизимини истиқболи учун хизмат қиладиган кўплаб хорижий тажрибаларни қўллаш амалиёти юзасидан ўзларининг таклифларини билдирдилар.
Учрашувда иштирок этган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари ва масъуллари истиқболли таклиф ва режаларни ҳар доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилдилар. Шунингдек, педагогика, гуманитар фанлар ва олий таълимни ривожлантириш йўналишларда ўқишни тамомлаш арафасида турган хорижий билим ва тажрибага эга бўлган Жамғарма стипендиатларини вазирлик тизимидаги ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлар таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида уларни мазкур вазирликда амалиёт ўташлари бўйича таклифларига вазирлик раҳбарияти шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирликдан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишиб олинди.
Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

