Жорий йилнинг 21 декабрь куни ҳуқуқ, сиёсатшунослик, халқаро ҳуқуқ йўналишлари бўйича хорижда таълим олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлар учун ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда: Адлия вазири А. Ташкулов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.А. Хасанов, Ташқи ишлар вазирлигидан масъул ходим Р. Газиев, “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ва жамоаси ҳамда хориждаги нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирок этдилар.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – сиёсатшунослик ва ҳуқуқ соҳалари бўйича хориждаги нуфузли университетларда таълим олаётган 100 га яқин Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, миллий қадриятларини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш ҳамда уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятига жалб этиш кўзда тутилган.

Онлайн мулоқот жараёнида А. Ташкулов томонидан мамлакатимизда адлия соҳасида халқаро ҳуқуқни қўллаш амалиёти, баҳолаш механизмлари, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, медиация институтларини ва бошқа йўналишларни янада ривожлантириш борасида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.
Жамғарма стипендиатлари томонидан соҳани янада ривожлантиришга доир таклифлар муҳокама қилинди, жумладан хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳуқуқи, хорижий инвесторларни жалб қилиш борасида қонунчиликка киритиладиган ўзгаришлар, халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш йўллари, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш тизимини янада ривожлантириш, одил судлов тизимига ўтишнинг хорижий тажрибаси, соҳадаги барча йўналишларини рақамлаштириш, халқаро рейтингларда ўрин эгаллаш юзасидан ўзларининг таклифларини билдирдилар.

Учрашувда иштирок этган Адлия вазири ва Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари истиқболли таклиф ва режаларни ҳар доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилдилар. Шунингдек, ҳуқуқ, сиёсатшунослик ва бошқа юридик йўналишларда ўқишни тамомлаш арафасида турган хорижий билим ва тажрибага эга бўлган Жамғарма стипендиатларини вазирлик тизимидаги ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлар таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида уларни мазкур вазирликларда амалиёт ўташлари бўйича таклифларига вазирликлар раҳбарияти шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирликлардан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишиб олинди.
Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликларнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

