Жорий йилнинг 12 декабрь куни молия, иқтисодиёт, туризм, бизнес йўналишлари ва бошқа соҳалар бўйича хорижда таълим олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлар учун ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари О.З.Насритдинходжаев, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.А.Хасанов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Макроиқтисодий сиёсат, таҳлил ва прогнозлаштириш департаменти директори А.Жалилов, “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ва жамоаси ҳамда Жамғарманинг хориждаги нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирок этдилар.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – молия ва иқтисодиёт соҳалари бўйича хориждаги нуфузли университетларда таълим олаётган 100 дан ортиқ Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, миллий қадриятларини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш ҳамда уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирлик ва идоралар тизимида меҳнат фаолиятига жалб этиш кўзда тутилган.
Онлайн мулоқот жараёнида мамлакатимизнинг молиявий ҳамда иқтисодий соҳалари, хусусан, макроиқтисодиёт, иқтисодиётнинг бирламчи бўғини, фючерс операциялари, хусусий мулкчилик, тадбиркорлик, агробизнес, туризм ва бошқа йўналишларни янада ривожлантириш юзасидан Жамғарма стипендиатлари томонидан бир қатор таклифлар киритилиб, учрашувда иштирок этган вазирликларнинг расмий вакиллари истиқболли таклиф ва режаларни ҳар доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилдилар. Шунингдек, молия, иқтисод ва бизнес йўналишларида ўқишни тамомлаш арафасида турган хорижий билим ва тажрибага эга бўлган Жамғарма стипендиатларини вазирлик тизимидаги ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда молия ва иқтисодиёт соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ва йирик лойиҳаларга Жамғарма стипендиатлари таълим олаётган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва доимий таклифлар киритиб боришга келишиб олинди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлар таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида уларни мазкур вазирликларда амалиёт ўташлари бўйича таклифларига вазирликлар раҳбарияти шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирликлардан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишиб олинди.
Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликларнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилишига келишиб олинди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига биноан ҳар ҳафта вазирлик идораларнинг раҳбарлари ҳамда Жамғарма стипендиатлари ўртасида онлайн мулоқотлар доимий ташкил этилади.

