Жорий йилнинг 1 декабрь кунлари “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари A.Хамдамов ва A.Aъзамхонов ҳамда АҚШнинг нуфузли Аризона университетининг Евроосиё дастурлари бўйича директори Толка Туркер ва Халқаро талабалар билан ишлаш бўйича директор Людмила Кларк иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Аризона университети АҚШнинг Туксон шаҳрида жойлашган тадқиқот университетларидан бири бўлиб, 1885 йилда ташкил этилган ҳамда Аризона тарихида биринчи ташкил этилган университет бўлган. Бугунги кунда мазкур университетда 43 000 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Университетда 334 та таълим йўналиши бўйича бакалавр, магистратура, докторантура ва бошқа профессионал даражаларни таклиф этади.

Университет халқаро рейтингларида юқори ўринларга эга. Жумладан, “QS World University Ranking” рейтингида 262-ўринни, “Times Higher Education” рейтингида 180-ўринни, “USNews” рейтингида 105-ўринни, “Academic Ranking of World Universities” рейтингида 101-150-ўринларни эгаллаган. Бир қатор фанлар бўйича дунё университетлари билан рақобатбардошдир. Хусусан, археология, фалсафа, қуруқлик ва денгиз фанлари, антропология ва тоғ-кон муҳандислиги бўйича дунёда етакчи ўринларда туради.
Мазкур учрашув давомида, Жамғарма раҳбарияти билан бугунги кунда Аризона университетида таълим олаётган Жамғарма стипендиатларининг ўқиш ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек, Жамғарманинг 2022 йилдаги стипендия танловларида ғолиб бўлган ва жорий йил охирига қадар юборилиши режалаштирилаётган стипендиатлар уларга ажратиладиган чегирмалар юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида, Аризона университети томонидан ҳар бир “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун ўқиш харажатларида йиллик 16,500 АҚШ доллар миқдорида чегирмалар ажратиш бўйича келишувга эришилди.

Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу университет билан ҳамкорликда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка дастурларини ҳамкорликда ташкил қилиш, Жамғарма стипендиатлар ҳамда қисқа муддатли дастур иштирокчилари учун виза масалаларини ўз муддатларида ҳал қилиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар Аризона университети раҳбарияти томонидан қўллаб қувватланиб, юқоридаги барча таклифлар юзасидан Жамғарма билан қўшимча икки томонлама шартномалар имзолашга келишиб олинди.
Шунингдек, Жамғарма танловларида ғолиб бўлган АҚШнинг нуфузли университетларига таълим олиш учун кетаётган Жамғарма стипендиатлар учун АҚШнинг нуфузли таълим муассасаларида таълим олиш жараёнлари, талабларга яратилган имкониятлар, хорижий талабларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизми, ўқиш жараёнида стипендиатлар эътибор қаратиши лозим бўлган масалаларга доир маҳорат дарси ташкил этилди.

