2022 йил 30 ноябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари A.Хамдамов ва A.Aъзамхонов ҳамда Гент университетининг Халқаро алоқалар бўйича университет президенти маслаҳатчиси Пиетер Паувелс Гент университети Халқаро таълим маркази директори Вим Ҳосте, иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокамаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Гент университети Бельгиянинг Гент шаҳрида жойлашган давлат тадқиқот университетидир. 1817 йилда ташкил этилган ушбу университетда бугунги кунда 41000 нафардан зиёд маҳаллий ва дунёнинг турли минтақаларидан келиб таълим олишади. Университет қуйидаги йўналишлар мутахассисларни тайёрлашда юқори ўринда туради жумладан, биотехнология, таълим ва тадқиқотлар йўналишлари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва технология, муҳандислик ҳамда тиббиёт ва фармацевтика соҳалари бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Гент университет дунё рейтингларида ўз нуфузига эгалиги билан ажралиб туради, хусусан “QS World University Ranking” рейтингида 141-ўринни, “Times Higher Education” рейтингида 107-ўринни, “USNews” рейтингида 95-ўринни, “Academic Ranking of World Universities” рейтингида 74-ўринларни эгаллаган.
Мазкур университетда Нобел мукофоти совриндорлари бўлган Корнеил Хейманс ва Морис Метерлинк, Лео Баэкеланд, Жозеф Гуислаин, Валтер Фиерс, Марк Ван Монтагу ва Питер Пиот каби кўплаб таниқли олимлар фаолият юритган. Шунингдек, университет битирувчилари орасида Роберт Кайлиау (Интернет ихтирочиси), Дирк Фримоут (космонавт), Машҳур микробиолог ва собиқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби ўринбосари Питер Пиот ва Жак Рогге (ХОҚ собиқ раиси) каби кўплаб таниқли шахслар таълим олган.
Мазкур учрашувда, Ж. Ахмедов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Гент университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Жамғарма стипендиатларини мазкур университетда таълим олиш имкониятлари, университет томонидан тақдим этилаётган дастурлар ҳамда Жамғарма стипендиатларининг ўқиш харажатларидан чегирмалар ажратиш ва бугунги кунда мазкур университетда таълим олаётган 4 нафар Жамғарма стипендиатларни таълим олиш жараёнларида уларни қўллаб қувватлаш бўйича таклифлар киритди.

Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу университет билан ҳамкорликда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка дастурларини ҳамкорликда ташкил қилиш, Жамғарма стипендиатлар ҳамда қисқа муддатли дастур иштирокчилари учун виза масалаларини ўз муддатларида ҳал қилиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, докторантура дастурида иштирок этадиган номзодлар учун мазкур университетдан илмий раҳбарлар тайинлаш, республикамиздаги Олий таълим ташкилотлари билан университетни ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, университетда таълим олиш имкониятлари юзасидан онлайн вебинарлар ташкил этиш юзасидан таклифлар киритди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар Гент университети раҳбарияти томонидан қўллаб қувватланиб, юқоридаги барча таклифлар юзасидан Жамғарма билан яқиндан ҳамкорликка тайёрликларини маълум қилишди.
Мазкур учрашувда Жамғарма стипендиатларини ушбу университетда таълим олишида кўмаклашиш шунингдек, докторантура дастури иштирокчилари учун мазкур университетдан илмий раҳбар тайинлаш масалаларида кўмаклашиш бўйича университетдан масъул ходимни 2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга ташрифини ташкиллаштириш, бундан ташқари Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлари учун университетда ўқиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича жорий йилнинг декабр ойида ZOOM платформаси орқали онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.
Мулоқотлар натижасида 2023 йилдан бошлаб Жамғарма орқали мазкур университетга таълим олишга борадиган стипендиатлар учун ўқиш харажатларининг 60 фоиз Белгия давлати томонидан қопланиши ва қолган
40 фоиз ўқиш харажатлари бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича стипендиатлар сонига қараб 20 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар ажратишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзолашга ҳамда ўзаро ташрифларни амалга оширишга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

