Жорий йилнинг 26 ноябрь куни хорижда компьютер технологиялари ва муҳандислик йўналишлари, техник соҳалар бўйича таълим олаётган Жамғарма стипендиатлар учун ZOOM платформаси орқали онлайн учрашув ўтказилди.
Учрашувда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х.Шерматов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.А.Хасанов, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ва жамоаси ҳамда Жамғарманинг хориждаги нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирок этдилар.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад - компьютер технологиялари, муҳандислик ва техник соҳалар бўйича хориждаги нуфузли университетларда таълим олаётган 100 га яқин Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, миллий қадриятларини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш ҳамда уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирлик тизимига меҳнат фаолиятига жалб этиш кўзда тутилган.
Онлайн мулоқот жараёнида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш юзасидан Жамғарма стипендиатлари томонидан бир қатор таклифлар киритилиб, Шерзод Хотамович истиқболли таклиф ва режаларни ҳар доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Шунингдек, IT йўналишида ўқишни тамомлаш арафасида турган хорижий билим ва тажрибага эга бўлган Жамғарма стипендиатларини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилишига келишиб олинди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига биноан ҳар ҳафта вазирлик идораларнинг раҳбарлари ҳамда Жамғарма стипендиатлари ўртасида онлайн мулоқотларни доимий ташкил этиш белгиланган.

