2022 йилнинг 23 ноябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари A.Хамдамов ва A.Aъзамхонов ҳамда Вестминстер университети Президенти Питер Бонфилд, Вестминстер университети Президентининг Халқаро қабул ва иш билан таъминлаш масалалари бўйича ўринбосари Алекс Хюз, Вестминстер университети Трансмиллий таълим маркази раҳбари Стивен Уоллис шунингдек, Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети ректори Бахром Миркасимов иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокамаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Вестминстер университети 1838 йилда Бирлашган Қироллик томонидан Политехника институти сифатида ташкил этилган ҳамда Лондонда очилган биринчи политехника институт ҳисобланади. Мазкур университетда ҳар йили 150 дан ортиқ мамлакатлардан 5000 дан ортиқ халқаро талабалар ўқийди. Вестминстер университети Оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар, Санъат ва дизайн ҳамда Архитектура соҳаларида мутахассислар тайёрлашда бўйича халқаро миқёсда етакчи университетлардан бири ҳисобланади. Вестминстер битирувчилари орасида тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар ва мэрлар, Оскар мукофотлари совриндорлари таълим олган.

Мазкур учрашувда, Ж. Ахмедов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Лондондаги Вестминстер университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар, Оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар, Санъат ва дизайн ҳамда Архитектура соҳаларида топ 50 талик рейтингда бўлганлиги сабабли Жамғарма стипендиатларини мазкур университетда таълим олиш имкониятлари, университет томонидан тақдим этилаётган дастурлар ҳамда Жамғарма стипендиатларининг ўқиш харажатларидан чегирмалар ажратиш бўйича таклифлар киритди.

Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу университетда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил қилиш ҳамда республикамиздаги олий таълим муассасаларига университет профессор-ўқитувчиларини жалб этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар Вестминстер университети Президенти Питер Бонфилд томонидан қўллаб қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Мазкур учрашувда Жамғарма стипендиатларини ушбу университетда таълим олишида кўмаклашиш шунингдек, Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлари учун университетда ўқиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, Жамғарма стипендиатларнинг ҳар бирини ўқиш харажатларидан Вестминстер университети раҳбарияти томонидан таълим тўлови бўйича 15% гача чегирмалар ажратишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзолашга ҳамда ўзаро ташрифларни амалга оширишга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

