2022 йил 21 ноябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари A.Хамдамов ва A.Aъзамхоновлар, Ўзбекистон Республикасининг Aмерика Қўшма Штатларидаги элчихонаси вакили А.Бурханов ҳамда АҚШнинг Техас А&М университети Халқаро таълим маркази директори жаноб Мэтью Этчеллс иштирокида ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Техас А&М университети АҚШнинг энг йирик университетларидан бири бўлиб, 1876 йилда ташкил этилган. 1963 йилда Техас штатининг қонун чиқарувчи органи университетни расман Техас А&М университети номини берди, шундан сўнг университет мамлакатнинг етакчи тадқиқот университетларидан бирига айланди. 2023 йил учун эълон қилинган Халқаро рейтингларида жумладан, “QS World University Rankings” 164 ўринда бўлиб, университетнинг 8 нафар профессорлари Нобел мукофоти совриндори ҳисобланади. Университет муҳандислик, давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, таълимни бошқариш соҳасида мутахассислар тайёрлашда дунёда етакчи университет ҳисобланади.
Мазкур учрашувда, Ж.Ахмедов томонидан “Эл юрт умиди” жамғармаси ва Техас А&М университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича таклифлар киритиб, Жамғарма стипендиатларини мазкур университетда таълим олиш имкониятлари, университет томонидан тақдим этилаётган дастурлар, Жамғарма стипендиатлари учун ажратилиши режалаштирилган чегирмалар бўйича таклифлар киритди. Университет вакили бу соҳада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув давомида вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида устувор ҳисобланган давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалик иқтисодиёти, муҳандислик, бизнес, тиббиёт ва халқаро таълим соҳасида давлат хизматчиларини ушбу университетда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзолашга ҳамда ўзаро ташрифларни амалга оширишга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

