Бугунги кунда хорижий нуфузли университетларда ўқишини давом эттираётганлиги сабабли тест ва суҳбат жараёнларида онлайн тартибда иштирок этишни сўраб Танлов комиссиясига мурожаат қилган номзодлар учун Жамғарма Васийлик кенгаши 2022 йил 12 сентабрдаги 5-сонли қарорига асосан 1 нафар ҳамда 2022 йил 14 ноябрдаги 6-сонли қарорига асосан 50 нафар номзодларга рухсат берилди. Мазкур номзодлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.
Мазкур номзодлар билан тест жараёнлари 2022 йил 16 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 09:00дан бошлаб 11.00 га қадар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ZOOM платформаси орқали онлайн тартибда ўтказилади (ZOOM платформаси ҳаволаси номзодларга шахсан тақдим этилади).
Тест натижалари шу кунни ўзидаёқ Танлов комиссиясига тақдим этилади ва Танлов комиссиясининг қарорига кўра суҳбат босқичига тавсия этилган номзодлар рўйхати 16 ноябрь куни соат 20.00 га қадар Жамғарманинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Танлов комиссиясининг қарорига кўра тест синовларини муваффақиятли топширган номзодлар учун иккиничи босқичда номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни, аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат 17 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 09:00дан бошлаб ZOOM платформаси орқали онлайн тартибда ўтказилади (ZOOM платформаси ҳаволаси номзодларга шахсан тақдим этилади).
Суҳбат жараёнларини сифатли ташкил этиш мақсадида номзодлардан ZOOM платформасига ўз вақтида уланишлари, сифатли алоқани таъминлаш учун зарур чораларни кўришлари ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатни онлайн кўрсатган ҳолда иштирок этишлари талаб этилади.
Танлов комиссияси

