Жорий йилнинг 19 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Бўлими бошлиқлари А.Хамдамов ҳамда А.Аъзамхонов, Буюк Британиянинг нуфузли Уорвик университетининг Aмалий тилшунослик илмий-тадқиқот бўлими директори профессор Тони Лиддикоут ва Aмалий тилшунослик кафедрасининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Джонатан Френч ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун: University of Warwick 1965 йилда ташкил этилган. Британиянинг энг нуфузли топ-20 та университетлари рўйхатида (Russell Group аъзоси). Академик инглиз тилини ўқитиш бўйича Оксфорд ва Кембриждан кейин дунёда 3-ўринда туради. “QS World University Rankings” халқаро рейтингида дунёнинг 61 ўринни эгаллаган. Мазкур университетда 29,534 нафар талаба таҳсил олади. Университет 2020 – 2021 йиллардаги даромади 703,7 миллион фунт стерлингни ташкил этган.
Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ж. Ахмедов томонидан Жамғарма томонидан мазкур университетда таълим олаётган стипендиатларга ўқиш жараёнларида яқиндан ёрдам бериш, уларни ўқиш харажатларидан чегирмалар ажратиш шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Уорвик университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан икки томонлама меморандум имзолаш бўйича таклифлар киритди.

Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу университетда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил қилиш ҳамда республикамиздаги олий таълим муассасаларига университет профессор-ўқитувчиларини жалб этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар профессор Тони Лиддикоут томонидан қўллаб қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Мазкур учрашув якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, ҳамкорликда ташрифлар амалга оширишга ва меморандум имзолашга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

