Жорий йил 12 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3-стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти раҳбар ходимлари, талабалари ва илмий изланувчилари орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн семинар бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувни, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилди.

Мулоқот жараёнида Жамғарма стипендианти сифатида Буюк Британия ва Ақшнинг нуфузли университетларида ўқиётган Божхона институти битирувчилари ҳам иштирок этиб, соҳа бўйича хорижий давлатларнинг тажрибалари ва Жамғарма танловлари юзасидан саволларга жавоб бердилар.
Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Онлайн учрашув сўнгида Божхона йўналишида ривожланган хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган Жамғарма стипендиатлари билан Божхона институти тингловчилари иштирокида доимий равишда онлайн семинарлар ўтказиб туришга келишиб олинди.


