Жорий йил 28 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3-стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Жиззах вилояти ҳудудидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари ҳамда мактаб битирувчилари ҳамда вилоят ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий амалий-услубий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда 2 мингдан ортиқ Жиззах вилоятининг давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.

Онлайн учрашувда Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилди.
Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, вилоят ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Мазкур семинар жорий йил 29 сентябрь куни вазирлик, идора, давлат ташкилотларни Сирдарё вилояти ҳудудларидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари, Президент мактаблари ҳамда ёшлар учун ўтказиш режалаштирилган.


