Жорий йил 23 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3-стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Фарғона ва Андижон вилояти ҳудудидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари ҳамда мактаб битирувчилари ҳамда вилоят ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий амалий-услубий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда 9 мингга яқин Фарғона ва Андижон вилоятининг давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.

Онлайн учрашувни, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов очиб берди ҳамда Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилди.
Мулоқот жараёнида Жамғарма стипендианти сифатида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония ва Россия каби давлатларнинг нуфузли университетларида ўқиётган 20 нафар Фарғона ва Андижон вилоятидан бўлган стипендиантлар ҳам иштирок этиб, бўлажак номзодларни ва ёшларни саволларига жавоб бердилар.
Хорижда ўқиётган стипендиатлар давлатимиз томонидан уларга яратиб берилган шароитлар тўғрисида ҳамда уларнинг хорижий университетларда таълим олишлари учун барча харажатлар Жамғарма томонидан қоплаб берилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Бундан ташқари хорижда таълим олаётган стипендиатлар томонидан таътил мавсумида Ўзбекистонга қайтган даврида ўзи таълим олган ОТМлар ва мактабларидаги ёшлар учун хорижда таълим олиш имкониятлари тўғрисида семинарлар ўтказиб беришга келишиб олинди.
Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, вилоят ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Услубий семинар жорий йил 26 сентябрь куни вазирлик, идора, давлат ташкилотларни Навоий вилояти ҳудудларидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари, Президент мактаблари ҳамда ёшлар учун ўтказиш режалаштирилган.

