Жорий йил 20 сентябрь куни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида Қашқадарё вилоятидаги ёшлар ва ёш мутахассислар учун онлайн семинар ташкил этилди.
Ҳудудий амалий-услубий семинарларни ўтказишдан мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса республика ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур семинарда 5800 нафардан ортиқ вилоятдаги туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари халқ таълими ходимлари, Касб-ҳунар мактаблари, Келажак лидерлари клуби аъзолари ва ёшлар иштирок этдилар.
Онлайн учрашувни, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов очиб берди ҳамда Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилди.

Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, вилоят ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Амалий-услубий семинар 21 сентябрь куни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари ҳамда мактаб битирувчилари ҳамда вилоят ёшлар учун ўтказиш режалаштирилган.


