Жорий йил 19 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3-стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Самарқанд вилояти ҳудудидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари ҳамда мактаб битирувчилари ҳамда вилоят ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий амалий-услубий семинар бўлиб ўтди.
Ушбу ҳудудий амалий-услубий семинар иқтидорли ва истиқболли, айниқса республика ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларимизнинг алоҳида ўрни бор. Ушбу ўзгаришлар ва жадал ривожланиш даврида ташаббускор, иқтидорли, салоҳиятли ёш кадрлар учун ҳар йили Жамғарма томонидан эълон қилинадиган очиқ стипендия танловларида вазирликлар ва идоралар мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, асосан, ёшлар фаол иштирок этиб келмоқда.
Мазкур семинарда 3 мингдан ортиқ Самарқанд вилоятининг давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Онлайн учрашувни, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов очиб берди ҳамда Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилди.

Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, вилоят ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Амалий-услубий семинар 20 сентябрь куни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Қашқадарё вилояти ҳудудидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилари ҳамда мактаб битирувчилари ҳамда вилоят ёшлар учун ўтказиш режалаштирилган.

