Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Бўлим бошлиқлари А.Хамдамов ва А.Аъзамхонов ҳамда Буюк Британиянинг “Kaplan International Pathways” ташкилотининг Инсон ресурслари ва маркетинг бўйича директори Грегорий Ҳоробин ва Марказий Осиё давлатлари бўйича менежери Лилия Гаисиналар ўртасида ZOOM платформаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: “Kaplan International Pathways” ташкилоти 1938 йил АҚШ да ташкил қилинган бўлиб, 2005 йилдан бошлаб Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида фаолият юритиб келмоқда. Халқаро ташкилотнинг дунё рейтингида энг юқори ўринларни эгаллаган Буюк Британия, Австралия ва Янги Зелландия АҚШ каби ривожланган давлатлардаги 20 дан ортиқ университетларда бакалавриат дастури бўйича бир йиллик тайёрлов курслари (Foundation Year)да ўқишини ташкил этиб келмоқда.
Мазкур учрашувда “Kaplan International Pathways” ташкилоти раҳбариятининг жорий йилнинг 25 май куни Жамғармага ташрифи давомида келишилган масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Ж.Ахмедов томонидан 2022 йилда ўтказилган 2-стипендия танловлари натижасига кўра ғолиб бўлган стипендиатларни бугунги кунда Буюк Британияда жойлашган Queen Mary University of London, University of Sussex, University of Birmingham, University of Leicester, University of Liverpool, University of Glasgow, University of Dundee, University of Leeds, University of Bristol каби нуфузли университетларига ўқишга юборилаётгани ҳамда уларнинг биринчи ўқув йилни “Kaplan International Pathways” ташкилоти томонидан ўқитилиши сабабли ўқиш харажатларидан чегирмалар бериш таклифи киритилди. Грегорий Ҳоробин бу таклифни қўллаб қувватлаб Жамғарма стипендиатлари учун алоҳида ўқиш харажатларидан 25 фоизига қадар чегирмалар тақдим этиши масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу ташкилот кўмагида Буюк Британияда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил қилиш бўйича таклифлар киритилиб, Грегорий Ҳоробин юқоридаги таклифлар юзасидан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирди.
Мазкур учрашувлар якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзолашга келишиб олинди.

