Жорий йил 28 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти – Инсон ресурслари бўйича биринчи халқаро Форумида Ўзбекистон Республикаси делегацияси раҳбари сифатида Адхам Шарипович Бекмуродов тақдимот қилди. Тақдимот маърузаси:
Мен бугун қардош Туркия давлатининг муаззам шаҳри бўлмиш Истанбулда Туркий давлатлар ташкилоти – Инсон ресурслари биринчи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси раҳбари сифатида иштирок этаётганлигимдан бағоят мамнунман.
Шуни фахр билан қайд этаманки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги беш-олти йил давомида юритаётган “дунёга очиқлик” сиёсати, хусусан, Ўзбекистоннинг аввало қўшни Марказий Осиё давлатлари ҳамда Турк дунёси давлатлари билан кўп томонлама ва ўзаро манфаатли интеграцияси биз таълим ва тадқиқот соҳаси вакиллари учун юксак имкониятлар яратмоқда.
Маълумингизким, тилимиз, динимиз, муштарак урф-одатларимиз ва қадриятларимизга таяниб турган Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Ўзбекистон барча муҳим соҳаларда – сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ҳурматли Президентимиз бир неча бор таъкидлаганлар.
Юқорида қайд этилган йўналишлар қаторида Инсон ресурсларини ривожлантириш масаласида ҳам самарали мулоқотнинг йўлга қўйилиши, ўйлайманки, бизнинг кўп томонлама ҳамкорлигимизни янада юқори босқичларга кўтаришга хизмат қилади.
Шеърият мулкининг султони, қадим туркий тилимизнинг навотаралар хусусиятларини тараннум этган улуғ бобомиз Алишер Навоийда шундай мисралар бор... “Эл нетиб топгай маниким, ман ўзимни топмасам”.
Дарҳақиқат, ТДТ доирасида ҳамкорлигимиз қандай қилиб самарали ва манфаатли бўла оладики токи биз, таълим ва тадқиқот соҳаси вакиллари, мазкур мақсадда юқори малакали, ташаббускор ва рақобатбардошли давлат хизматчиларини тайёрлай олмасак.
Азиз дўстлар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ва бугунги кунда ҳаётга жадал тадбиқ этилаётган Тараққиёт стратегияси марказида Инсон қадри, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг давлат томонидан сўзсиз кафолати ғояси ётибди. Ушбу ғоя ўз ўрнида “давлат хизматчиси” тушунчасининг буткул янги илмий-фалсафий асосларини ишлаб чиқиш вазифасини қўймоқда.
Мазкур концепция Ўзбекистонда давлат сиёсати ва бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ҳам тубдан трансформация қилиш, бу йўлда дунёдаги энг илғор билимлар, моделлар ва технологияларни чуқур ўрганиш ва уларни миллий амалиётимизга кенг жорий этишни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда биз давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Давлат бошқаруви академияси фаолиятини тубдан трансформация қилиш, барча соҳаларда илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш, академик дастурларимиз кўламини кенгайтириш, хусусан, давлат сиёсатида ахборот-таҳлилий салоҳиятни ошириш, давлат бошқарувида аҳоли билан очиқ мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш, эркин фикрловчи ёш лидерларни етиштириш ҳамда аёлларни раҳбарлик лавозимларига мақсадли тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Бу муҳим вазифаларни амалга оширишда биз албатта ТДТ доирасида Инсон ресурслари офислари ва Давлат бошқаруви академиялари билан яқиндан, ўзаро манфаатли ҳамкорликка умид билдириб қоламиз.
Юқорида қайд этилган ҳолатларни эътиборга олиб, мен қуйидаги таклифларни киритишни мақсадга мувофиқ деб биламан:
Биринчидан, давлат сиёсати ва бошқаруви соҳасида раҳбар кадрларни, хусусан, ёш лидерларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ТДТ аъзо давлатларида тўпланган илғор тажрибани ўрганиш анча самарали ҳамкорлик бўла олади, деб ўйлайман.
Хусусан, бу борада академик ва илмий ахборот, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва тингловчилар алмашинуви дастурлари устида ишлашимиз лозим, деб биламан.
Иккинчидан, илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик, хусусан, илмий мақолалар яратиш, илмий манбаларни биргаликда ўрганиш, ҳамкорликда илмий-услубий анжуманлар ташкил этиш – бу хусусан, ёш тадқиқотчилар учун жуда катта имкониятлар эшигини очган бўларди.
Учинчидан, биз ўзбекларда “Меҳр кўзда” деган ажойиб нақл бор. Ҳамкорлигимиз самарали бўлади токи бизнинг мулоқотимиз мунтазам бўлса. Шу сабабли ТДТ аъзо давлатлар Давлат бошқаруви академиялари раҳбарларининг мунтазам, шароитга кўра, онлайн ёки офлайн форумини йўлга қўйишдан нафақат профессор-ўқитувчиларимиз, балки биринчи навбатда ёш тадқиқотчиларимиз ва тингловчиларимиз манфаатдор бўлган бўлардилар, деган фикрдаман.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари. Аминманки, бугунги мулоқотлар, таклиф ва тавсиялар бизнинг ташкилотимиз доирасида дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада кучайишига, давлатларимиз ва мутасадди идораларимиз мулоқотини янада сермаҳсул бўлишига хизмат қилади.
Умид қиламанки, бугунги мулоқотларимиз таълим ва тадқиқот соҳасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлигимизга янада кенг йўл очади. Давлатларимиз раҳбарлари бошчилигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар учун юқори малакали, рақобатбардош ва тажрибали давлат хизматчиларини тайёрлашдек юксак миссиянинг самарали амалга ошишига мустаҳкам замин яратади.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, тинчлик ва хотиржамлик, давлат, таълим ва илм-фан хизматидек юксак ва шарафли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

