Жорий йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар даврида юртдошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар, хорижда истиқомат қилиб, малакали фаолият билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан яқин ҳамкорлик қилишга эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Меморандум доирасида томонлар ўз ваколатларидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилишга келишиб олди:
- хорижда таълим олган ватандошларни иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
- республикада ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга, хусусан хорижий давлатларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларга кенг тушунтириш;
- ватандошларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материалларини журналлар, илмий тўпламларда нашр этиш ва кенг тарқатиш;
- таълим, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш;
- ҳаракатлар стратегияси йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик фикрини, шу жумладан ёшларнинг бу соҳадаги ижтимоий кайфиятини турли социологик тадқиқотлар ўтказиш орқали ўрганиш;
- ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва бошқалар.

Жамғарма Матбуот хизмати

