Жорий йилнинг 14 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўтказилган биринчи стипендия танлови ғолибларига сертификатларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
“Замонавий фикрлайдиган ёшлар Янги Ўзбекистон келажаги!” шиори остида ўтган тадбирда Жамғарма Васийлик кенгаши аъзолари, санъаткорлар, файласуф, адабиётшунос ва таниқли академик-олимлар, Республика Маънавият ва маърифат маркази тарғиботчилари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни инновацион ва илғор хорижий тажрибалар асосида қўллаб-қувватлайдиган етук малакали кадрларга эҳтиёж кун сайин ортиб бораётганлигини таъкидлашди. Бу борада эса жамғарма стипендия танловларида ғолиб бўлган ёшларга улкан ишонч билдирилди.
Хусусан, тадбирда сўзга чиққан жамғарма ижрочи директор Адхам Бекмуродов жамғарма стипендиатларини қутлар экан, ғолиб бўлган ёшларни хориж ўқиш ва тажриба ошириш орқали келажакда ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишдек масъулиятли вазифа кутаётганлиги таъкидлаб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, жамғарманинг жорий йилги биринчи стипендиялар танловига жами 420 та ўрин учун 2769 нафар номзод ҳужжат топширган.

Таъкидлаш лозимки, танловнинг биринчи босқичида республиканинг барча ҳудудидаги номзодлардан ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда ҳужжатлар қабул қилинди.
Танловнинг иккинчи босқичи суҳбат шаклида ташкил этилиб, номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзлаган мақсади, олган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни билиши, танлаган мутахассислиги бўйича билим ҳамда кўникмалари даражасини аниқлашга эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг январь–март ойлари ташкил этилган танловлар натижасига кўра улардан 114 нафари «Жамғарма стипендиати» деб эътироф этилди. Энди ушбу стипендиатларнинг 69 нафари бакалавриат, 35 нафари магистратура ва 10 нафари докторантура таълим дастурлари бўйича дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида ўз билим ва кўникмаларини оширишади.

Маълумот учун, 2018-2022 йиллар мобайнида жами 1310 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшлар ҳамда соҳа мутахассислари «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этиб келинмоқда.
Стипендиатлар дунёнинг жами 40 га яқин давлатларида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 240 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олишиб, бугунги кунда 1020 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб турли соҳаларда, хусусан таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларда самарали фаолият олиб бормоқдалар.



