Жорий йилнинг 12 май куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Бўлим бошлиқлари, И.Турсунқулов, А.Аъзамхонов, ҳамда Норвегия Фан ва технологиялар университети (Norwegian University of Science and Technology) вакиллари , Халқаро алоқалар офиси Бош менежери Жоаким П. Берг ҳамда профессор Сайид Али Амиршаҳи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Норвегия фан ва технология университети
Норвегия давлат тадқиқот университети бўлиб, асосий кампуси Трондхайм шаҳрида ҳамда кичикроқ кампуслари Гёвик ва Алесунд шаҳарларида жойлашган. Норвегиядаги энг йирик университет бўлиб ҳозирда 8000 дан ортиқ профессор ва илмий ходимлар ҳамда 40 000 дан ортиқ талаба таҳсил олади.
Шуни қайд этиб ўтиш жоизки, мазкур университет 2022 йилда халқаро униaерситетлар рейтингида U.S. News ranking бўйича 266 ўринни, Shanghai Ranking бўйича эса 101-150 ўринларни эгаллаб турибди. Яна муҳим томони шундаки, ушбу университетда таълим олиш бепул бўлиб, бу хорижий талабаларга ҳам амал қилади ва катта имконият ва қулайликларни яратади.
Шу жиҳатдан, ушбу университетда таълим олиш жараёнлари, талабларга яратилган имкониятлар, хорижий талабларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмлари тўғрисида икки томонлама муҳокамалар қилинди ва фикр алмашилди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирлик, идора давлат ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан, медицина, давлат бошқаруви, молия, халқаро ҳуқуқ, муҳандислик каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳаларда давлат хизматчилари учун университетда илмий-тадқиқот ва инновация марказларида, шунингдек, йирик саноат компаниялари базасида қисқа муддатли малака ошириш ҳамда стажировка ўтиш курсларини ташкил етиш масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур учрашувлар якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама қўшимча келишув имзолашга келишиб олинди.
Хорижда стипендиатлар таълим олишини ташкил этиш бўлими

