2022 йил 19 апрель куни соат 10:00 да “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари иштирокида Шаҳрисабз туманида 10:00 да Педагогика институти биносида ва 15:00 да Қарши шаҳридаги “Мулла Тўйчи” номли драма театрида жами 1800 га яқин фаол ёшлар, талабалар ва давлат хизматчилари учун амалий-услубий семинарлар ташкил этилди.
Бундан ташқари мазкур семинарлар жараёнларига вилоятнинг 12 та туманларидаги ёшлар ва мутахассислар видеомулоқот мосламаси орқали иштирок этиб, ўзларининг қизиқтирган саволларини беришди.

Жамғарма фаолияти, очиқ стипендия танловлари тартиби, ўтказиш механизмлари ва ёшларга яратиб берилаётган имкониятларини халқчил тилда вилоят ёшларига етказиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов томонидан тақдимот ўтказилди.
Мазкур тақдимот давомида Ж.Ахмедов «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан илғор хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 366 ўринга мўлжалланган 2022 йилги 2-стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни Қашқадарё ёшлари ва мутахассисларига етказди.

Тақдимотлар қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, 150 дан ортиқ ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар. Тадбир ОАВ вакиллари, хусусан туман марказий телевидениеси томонидан кенг ёритилиб, маҳаллий телевидение учун махсус интервьюлар берилди.

