Бугунги кунда бутун дунёни коронавирус пандемияси қамраб олган бир шароитда “Эл-юрт умиди” жамғармаси хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан видеомулоқотлар, масофадан турли мавзуларда видеоконференциялар ўтказиб, дунё мамлакатлари ва Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар кенг таҳлил қилиниб келмоқда.
Жамғарманинг навбатдаги онлайн видеоконференцияси 2020 йил 18 апрелда “Эл-юрт умиди” жамғармаси қошидаги хориждаги ватандошлар иштирокидаги Халқаро экспертлар кенгашининг “Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантиришнинг илғор хорижий тажрибаси” мавзусида ташкил этилди.
Тадбирда АҚШ, Канада, Австралия, Бельгия ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган жами 15 нафар ватандош олимлар ва экспертлар иштирок этди. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва Тошкент давлат Шарқшунослик университетлари ректорлари, проректорлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари ва илмий-тадқиқотчилар жами 150 дан ортиқ иштирокчи ҳамда уларнинг аксарияти Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётган ўз уйларидан ZOOM конференц алоқа тизими орқали уландилар.
Видеоконференцияда Ўзбекистонда ва дунё мамлакатларида коронавирус балосининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг кенг таҳлили бир қаторда, фурсатдан фойдаланиб бугунги кунда мамлакатимизда энг долзарб бўлган Олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Шу билан бирга, видеоконференцияда ватандош-экспертлар сафидан Жанубий Корея Вусонг университети доктори ҳамда факультет декани муовини, Нурмуҳамммад Юсупов ҳамда АҚШ Калифорния давлат университети доктори Нуриддин Икромовларнинг АҚШ, Канада, Европа, Австралия ва Жанубий Корея давлатларининг нуфузли журналларида илмий мақолалар тайёрлаш ва чоп этиш юзасидан амалий кўрсатмалари, тажрибалари, эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларига бағишланган тақдимоти билан бошланди. Тақдимотда илмий мақолалар чоп этишга дастлабки талаблар асосида уни тайёрлаш, журнални тақриздан ўтказиш, чоп этишга тақдим этиш, тақдим этилган илмий мақолалар чоп этилмаслигини олдини олишга қаратилган тавсияларига асосланган маълумотлар тақдим этилди.
Видеоконференцияда олий таълим муассасаларида масофавий таълим беришнинг илғор хориж тажрибалари, уни ташкил этиш ва талабалар билимини баҳолаш технологиялари хусусида ватандош-экспертларнинг билим, кўникма ва тажрибалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларига таклиф ва тавсиялари берилди.
Видеоконференцияда олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот фаолиятларини янада ривожлантириш, Scopus, Web of Science ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи журналларда мақолалар чоп этишни янада кўпайтириш, олий таълим муассасаларини QS, THE, ARWU ва бошқа халқаро рейтингларини олишда амалий кўмаклашиш каби масалаларда ватандош-экспертлардан маслаҳатлар ва амалий ёрдам беришларини сўрашди.
Шу билан бирга, келгусида бу каби тадбирлар олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, шунингдек, Марказий Осиёда Ўзбекистонни олий таълим олиш хабига айлантиришига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Халқаро экспертлар кенгаши ҳар ойда камида икки маротаба онлайн видеоконференция воситасида мулоқот юритади, олий таълимга оид тегишли таклиф ва тавсияларни бериб боради, онлайн мастер-класслар ва брейн сторминглар ташкил этади. Онлайн видеомулоқотларда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги ва олий таълим муассасалари вакиллари фаол иштирок этадилар.
Маълумот учун:
“Эл-юрт умиди” жамғармаси мутахассисларни хорижда тайёрлаш билан бирга, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган катта илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар билан мулоқотлар ўрнатиш унинг энг асосий вазифалари ҳисобланади.
Мамлакатимизда хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мулоқот қилиш, ватандошларни Ўзбекистон Республикасидаги кенг қамровли ислоҳотларга жалб этиш, хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини, имиджини ошириш ва мустаҳкамлашга амалий ёрдам бериш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан бир қатор амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
2020 йил 14 мартда АҚШ, Канада, Бельгия, Австралия, Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган, катта илмий ва амалий тажрибага эга 15 нафар ватандошлар билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида Халқаро экспертлар кенгашининг таъсис видеоконференциясини ўтказган эди.
Халқаро экспертлар Кенгашнинг асосий мақсади – мамлакатимиз олий таълим тизимини ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни олий таълим муассасалари амалиётида кенг қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш, олий таълимга оид меъёрий-хуқуқий ҳужжатларнинг экспертизасини ўтказиш асосида олий таълим сифатини оширишга кўмаклашишдан иборат.
Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси қошида ташкил этилган Халқаро экспертлар кенгаши жорий йил 4 ва 14 апрел кунлари ҳам видеоконференциялар ўтказди. Мазкур видеоконференцияларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул бошқарма бошлиқлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институти ректор, проректорлари ва профессор-ўқитувчилари билан бирга жами 75 нафардан зиёд иштирокчилар қатнашган эди.
Видеоконференцияларда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, молиявий ўз-ўзини бошқаришга ўтган ОТМ фаолиятини ташкил этиш ва хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириш, шунингдек, олий таълим муассасаларида “Кредит-модуль” тизимини жорий этиш масалалари, тегишли йўналишлар кесимида ўқув режалари, фанлар ва уларга ажратилган соатлар, талабалар учун ҳафталик ўқув юкламаси, семестрга ажратилган фанлар ва унинг соатлари, ўқув йилига режалаштирилган умумий соатлар ҳажми каби масалалар муҳокама этилди ҳамда ватандош-экспертларнинг мазкур масалалардаги таклиф ва тавсиялари юзасидан очиқ ва самимий руҳда видеомулоқотлар бўлиб ўтган эди.
Навбатдаги онлайн видеоконференциялар “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан жорий йилнинг 25 апрель ва 2 май кунлари ташкил этилиши ҳамда унда илғор кадрлар тайёрлашнинг муҳим омили сифатида олий таълим ва реал иқтисодиёт ўртасида алоқаларнинг ташкил этилишининг илғор хорижий тажрибаси муҳокама этилади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Матбуот хизмати

