Жорий йилнинг 06 апрель куни ZOOM платформаси орқали “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Германиянинг академик алмашинув хизмати (DAAD) ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Жамғарма ижрочи директори А.Ш.Бекмуродов, ижрочи директор ўринбосари, бўлим бошлиқлари, масъул ходимлари ва Германиянинг академик алмашинув хизмати (DAAD) вакиллари Ҳеико Шмидт, Вера Рогова, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси масъуллари иштирок этишди.
Маълумот учун: Германиянинг академик алмашинув хизмати (DAAD) халқаро академик алмашинувларни қўллаб-қувватловчи жамоат ташкилоти сифатидаги энг йирик бирлашмалардан биридир. Унинг асосий мақсадлари Германияда ва хорижда ёш авлодни фан ва маданият, иқтисод ва сиёсат соҳаларида қўллаб-қувватлаш, уларни очиқлик ва ўзаро тушуниш руҳида тарбиялаш, шунингдек, Германия университетларининг халқаро миқёсда ва нуфузини оширишдан иборат. Ташкилот фан ва университет фаолияти билан боғлиқ деярли барча дастур талабалари, тадқиқотчиларга стипендиялар тақдим этади.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонлик талабаларнинг Германияда ўқиши ва амалиёт ўташ имкониятларини ошириш, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун Жамғарманинг Германиянинг академик алмашинув хизмати (DAAD) билан ҳамкорликда молиялаштириладиган таълим дастурини ташкил этишни муҳокама қилиш ҳамда Германиянинг давлат бошқаруви бўйича давлат хизматчиларини ўқитадиган муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалаштирилган.
Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари келажакда Жамғарма стипендиатлари Германиянинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятлари, Германиянинг академик алмашинув хизмати (DAAD) томонидан Жамғарма учун ажратиладиган алоҳида грантлар, Жамғарманинг таълим дастурларини молиялаштириш харажатлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан нанотехнологиялар, сунъий интеллект, атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, геология, металлургия, машинасозлик, туризм, кулинария, меҳмонхона иши каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳалар бўйича малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар учрашув якунида мулоқотларни давом эттириш ва доимий ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

