Жорий йилнинг 30 март куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш бўлими бошлиғи И.М.Турсунқулов, Хорижда стипендиатлар таълим олишини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси А.Аъзамхонов, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадов ва Буюк Британиянинг “Queen Mary University of London” университети раҳбарияти Марк Каддингтон ҳамда Энди Коллейлар ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Маълумот учун: “Queen Mary University of London” университети
1785 йилда тиббиёт коллежи сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда университетда 21 000 дан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Университет ўз талабаларига турли соҳаларда 4000 дан ортиқ мутахассисликларни таклиф этиб келмоқда. Университет 2022 йил дунё рейтингида (QS World University Rankings) 117 ўринни эгаллаган. Университет битирувчилари орасида, йирик корпорациялар президентлари, Олимпия олтин медаллари совриндорлари ва бошқа кўплаб таниқли шахслар бор.
Учрашув давомида Ж. Ахмедов томонидан мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар, ўзбек ёшларининг етакчи хорижий университетларда таълим олиши ва илмий-тадқиқот фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, Жамғарманинг таълим дастурлари бўйича мутахассисларни хориждаги нуфузли университетларда жумладан, Буюк Британиянинг “Queen Mary University of London” университетида таълим олиши юзасидан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатларига барча дастурлар бўйича маълум миқдорда грант ажратиш масалалари юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан медицина, давлат бошқаруви, молия, халқаро ҳуқуқ, муҳандислик каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳаларда давлат хизматчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадовнинг таклифига кўра, “Queen Mary University of London” университети ва Жамғарма ҳамкорлигида Ўзбекистон ёшлари учун мазкур университетда таълим олиш имкониятларига бағишланган вебинар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Мазкур учрашувлар якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама қўшимча келишув имзолашга келишиб олинди.
Таълим дастурлари бўйича стипендия
танловларини ташкил этиш бўлими.

