Жорий йилнинг 30 март куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш бўлими бошлиғи И.М.Турсунқулов, Хорижда стипендиатлар таълим олишини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси А.Аъзамхонов, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадов ва Буюк Британиянинг “University of Sussex” университетининг раҳбарияти Мартин Хукхам-Симмс ҳамда Лео Каттинглар ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Сассекс университети Англияда жойлашган давлат тадқиқот университети бўлиб, унинг катта кампус майдони Соут Довнс миллий боғи билан ўралган. Университетда қарийб 20 000 дан ортиқ талаба таҳсил олиб, уларнинг учдан бири хорижий мамлакатлардан келган талабалардир. Университетда 1000 дан ортиқ академиклар таълим беришади ва уларнинг 140 дан ортиқ турли миллат вакиллари ҳисобланади.
2019–2020 йиллардаги муассасанинг йиллик даромади 319,6 миллион фунт стерлингни ташкил этган.
Университет профессор-ўқитувчилари орасида 5 Нобел мукофоти лауреати,
15 Қироллик жамияти аъзоси, Британия академиясининг 10 нафар аъзоси, Ижтимоий фанлар академиясининг 24 нафар аъзоси мавжуд. Университет битирувчилари орасидан давлат раҳбарлари, дипломатлар, сиёсатчилар, таниқли олимлар етишиб чиққан. Университет 2022 йил дунё рейтингида (World University Rankings THE) 151 ўринни эгаллаган.
Бўлиб ўтган мазкур учрашувда томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболлари, келажакда Жамғарма стипендиатларининг ушбу университетида таълим олиш имкониятлари масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан “University of Sussex” университетига борадиган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатларига барча дастурлар бўйича маълум миқдорда грант ажратишда ёрдам кўрсатиш каби таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, Жамғарма томонидан “University of Sussex” университетида давлат хизматчилари учун қисқа муддатли офлайн ва онлайн малака ошириш
ва стажировка курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф киритилиб университет бу масалада ҳам ёрдамга тайёрлигини билдирди.
Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадовнинг таклифига кўра, “University of Sussex” ва Жамғарма ҳамкорлигида Ўзбекистон ёшлари учун мазкур университетда таълим олиш имкониятларига бағишланган вебинар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
“University of Sussex” университети раҳбарияти мазкур таклифларни қўллаб қувватлаган ҳолда ушбу йўналишларда Жамғарма билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини истиқболларини муҳокама қилган ҳолда жорий йилдан бошлаб Жамғарманинг барча таълим дастурлари асосида таълим оладиган стипендиатларнинг ҳар бирининг ўқиш харажатлари учун 15-20% дан чегирмалар бериш юзасидан келишувга эришилди.
Томонлар учрашув якунида ҳамкорликда ташрифлар амалга оширишга
ва меморандум имзолашга келишиб олишди.
Таълим дастурлари бўйича стипендия
танловларини ташкил этиш бўлими.

