Жорий йилнинг 18 март куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш бўлими бошлиғи И.М.Турсунқулов ва Малайзиянинг “Petronas” технология университети (Petronas University of Technology – UTP) ректори Ибрагим Абдул Муталиб ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ж. Ахмедов томонидан мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар, ўзбек ёшларининг етакчи хорижий университетларда таълим олиши ва илмий-тадқиқот фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, Жамғарманинг таълим дастурлари бўйича мутахассисларни хориждаги нуфузли университетларда жумладан, Малайзиянинг “Petronas” технология университетида таълим олиши юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича таклиф киритилди.
Малайзия университети “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди:
- "Нефть муҳандислиги", "Фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси", "Кимё муҳандислиги", "Машинасозлик" ва бошқалар йўналишлари бўйича Ўзбекистон мутахассисларини тайёрлаш;
- “Petronas” технология университетда илмий-тадқиқот ва инновация марказларида, шунингдек, йирик саноат компаниялари базасида қисқа муддатли амалиёт ва малака ошириш курсларини ташкил етиш.

Учрашув сўнгида томонлар қуйидаги келишувларга эришди:
1) тегишли вазирликлар, идоралар ва олий ўқув юртлари мутахассислари ҳамда республика мактаблари ва касб-ҳунар таълими муассасалари учун жорий йилнинг 22 апрель куни вебинарлар ташкил етиш;
2) “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг газ-кимё саноати технологиялари ва тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалиёт ва малака ошириш йўналишлари бўйича батафсил таклифларини тақдим этиш.
Томонлар учрашув якунида ҳамкорликда ташрифлар амалга оширишга келишиб олишди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

