Жорий йилнинг 14 март куни Жамғарманинг ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ж.Ахмедов, Халқаро алоқалар ва протокол бўлими A.Э.Абдуллаева ва Хорижда фаолият юритаётган ва қимматли тажрибага эга бўлган ватандошлар бўлими Ж.А.Курёзов, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадов ҳамда Норвегия фан ва технологиялар университети ахборот технологиялари ва электротехника факултети профессори Сайид Али Амиршоҳ билан Zoom платформаси орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Норвегия фан ва технологиялар университети (норвегча: Norges teknisk-naturvitenskapelige universitet, NTNU) Норвегия давлати тадқиқот университети бўлиб, Норвегиянинг Трондхайм шаҳрида жойлашган, дунёда тан олинган рейтингларда жумладан, U.S. News 266 ўринда ҳамда Shanghai Ranking 101-150 ўринларда туради. Бугунги кунда 8000 дан ортиқ профессор ва илмий ходимлар фаолият олиб боришади ҳамда 40 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади.
Университетда муҳандислик ва табиий фанлардан ташқари, тиббиёт, психология, ижтимоий фанлар, санъат, педагоглар касбий таълими, архитектура бўйича етук мутахассисларни етиштириб чиқаради.

Шу билан бирга, университет дунёдаги барча техник университетлари орасида энг йирик саноат алоқасига эга бўлиб, Норвегиянинг SINTEF илмий-тадқиқот институти билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Университет академиклари орасида физиология ёки тиббиёт бўйича 3та Нобел мукофоти совриндорлари мавжуд: Эдвард Мозер, Мей-Бит Мозер, Жон Ўкиф.
Бўлиб ўтган мазкур учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари, келажакда Жамғарма стипендиатларининг ушбу университетида таълим олиш имкониятлари, талаба алмашиниш дастурларини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув давомида университет профессори Сайид Али Амиршоҳ ўқиш жараёнлари, талабаларга яратилган имкониятлар ҳамда ўқишни тамомлагандан сўнг ишга жойлашиш истиқболлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадовнинг таклифига кўра, Норвегия фан ва технологиялар университети ва Жамғарма ҳамкорлигида Ўзбекистон ёшлари учун мазкур университетда таълим олиш имкониятларига бағишланган вебинар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Томонлар учрашув якунида ҳамкорликда ташрифлар амалга оширишга ва меморандум имзолашга келишиб олишди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

