«Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов ва А.Абдуллаева жорий йилнинг 17-18 февраль кунлари АҚШнинг нуфузли университетларидан бири ҳисобланган Сиракуз университети раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида учрашди.
Маълумот учун: Сиракуз университети— AҚШнинг хусусий тадқиқот университети бўлиб, Сиракуз, Нью-Йорк шаҳрида жойлашган.
Сиракуз университети 1870 йил 24 мартда ташкил этилган ва дунёнинг етакчи университетлардан бири ҳисобланади. Хозирги кунда университетда 20 000 дан ортиқ талаба таҳсил олади.
Учрашув давомида мазкур университет билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов ногиронлиги бор шахсларнинг ҳам Сиракуз университетида таълим олишини ташкил этиш мақсадида Универстиетнинг Ногиронлиги бор шахслар учун яратилган марказ фаолияти билан танишди.

Шу билан бирга, Сиракуз университети раҳбарияти билан давлат хизматчиларининг қисқа муддатли стажировка дастурлари бўйича ўқишларини ташкил этиш ҳам келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини муҳокама қилган ҳолда 2022 йилдан бошлаб Жамғарманинг барча таълим дастурлари асосида таълим оладиган стипендиатларнинг ҳар бирининг ўқиш харажатлари учун чегирмалар бериш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, қисқа муддатли икки ҳафтадан бир ойгача бўлган муддатларда давлат хизматчиларининг стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш юзасидан билдирилган таклифлар қўллаб қувватланди.
Мазкур учрашувлар якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

