«Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов ва А.Абдуллаева жорий йил 16 февраль куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига ташриф буюрди. Учрашувда Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулотда ва муҳтор элчиси Ж.Вахобов, Америка консуллиги президентининг ўринбосари Майкл Кёртис ҳамда Жамғарма стипендиатлари ва талабалар иштирок этди.
Ташрифдан мақсад АҚШнинг нуфузли университетларида таълим олаётган Жамғарма стипендиатларининиг консуллик рўйхатида туриши, Вашингтон шаҳрида таълим олаётган стипендиатлар билан учрашув ўтказиш, уларнинг амалиётларини Элчихонада ва АҚШнинг йирик давлат ташкилотлари ва компанияларида ўташи учун тавсиянома бериш, улар билан ҳар ойда камида бир маротаба мулоқот олиб боришни йўлга қўйиш ҳамда мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини етказиш каби масалаларни муҳокама қилишдан иборат эди.
Маълумот учун: Бугунги кунда АҚШнинг 20дан ортиқ нуфузли университетларида 82 нафар Жамғарма стипендиатлари бакалавр, магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича таҳсил олмоқдалар. Стипендиатларнинг барчаси ҳозирда Элчихонада консуллик рўйхатидан ўтган бўлиб, Элчихона вакиллари улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйган.
Учрашув давомида Ж.Ахмедов АҚШдаги Аризона, Колорадо, Синсиннати, Миссури, Сиракуз каби нуфузли университетларда таълим олаётган 50дан ортиқ Жамғарма стипендиатларининг ўқиш жараёнлари, уларга яратиб берилаётган шароитлар, ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун яратилган шароитлар билан танишганини ҳамда мазкур университетларда стипендиатларга доимий кўмак кўрсатадиган университет вакили билан Элчихона ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклифи киритилди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулотда ва муҳтор элчиси Ж.Вахобов бу таклифни қўллаб қувватлади.
Элчихона томонидан Жамғарма стипендиатлари ва ўзи мустақил ўқишга кириб таълим олаётган 10га яқин талабалар учун ош дастурхони ёзилди. Учрашувда уларнинг келажакдаги режалари, ўқиш жараёнидаги ютуқлари ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги имиджини ошириш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Учрашув якунида Элчихона раҳбарияти Жамғарма ходимлари ва талабаларни Элчихонада яратилган шароитлар билан яқиндан таништирди.
Стипендиатлар улар учун яратиб берилаётган бундай шароитлар учун давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга, Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонасига ва Жамғарма ходимларига алоҳида самимий миннатдорчиликларини билдирдилар.
Учрашув савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилди, стипендиатлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни олдилар, таклифлари ва фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

