«Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Аҳмедов ва А.Абдуллаева жорий йил 14 февраль куни АҚШнинг нуфузли университетларидан бири ҳисобланган Миссури университети раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида учрашди. Жумладан, Халқаро алоқалар бўйича проректор, бакалавриат, магистратура ва PhD дастурлари бўйича Acceptance letter (таклифнома хати) ва scholarship (чегирмалар) тақдим қиладиган директорлар билан учрашув ўтказилди ва университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори билан ўзаро ҳамкорлик масаласида меморандум имзоланди.
Учрашув давомида мазкур университет билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 2022 йилда жамғарма стипендия танловларида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган стипендиатларни университетда таълим олишини ташкил этиш, улар учун ўқиш харажатларида чегирмалар олиш, бугунги кунда таълим олаётган стипендиатларнинг ўқиш мониторингини ўрганиш, уларнинг ўқиши учун барча шароитлар яратиш, шунингдек, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир икки томонлама меморандум имзолаш режалаштирилган.

Маълумот учун: Миссури университети 1837 йилда ташкил этилган бўлиб, телекоммуникациялар соҳаси йўналишида дунё рейтингида 38 ўринда туради. Мазкур университетда 30 000 мингда ортиқ талабалар таҳсил олади. Университет қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви, ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, ИТ технологиялари, журналистика каби устувор соҳаларда мутахассислар тайёрлашда этакчи университет ҳисобланади.
Учрашувда «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори ўринбосари в.б. Ж.Аҳмедов томонидан 2022 йилдан бошлаб, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳам Миссури университетида таълим олишини ташкил этишга кўмаклашиш масаласи илгари сурилди. Университет бу таклифга ҳам ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилиб, Миссури университетида ногиронлиги бор шахсларнинг таълим олишлари учун барча шароитлар яратилганлигини, соғлиғи билан боғлиқ суғурталар амалга оширилишини ва уларга университет томонидан махсус бириктирилган кузатувчи (қаровчи шахс) қўйилишини таъкидлади. Ж.Ахмедов Миссури университетидаги Ногиронлиги бор шахслар учун яратилган марказ фаолияти билан танишди.

Бундан ташқари, Жамғарма вакиллари Миссури университети ўқув жараёнларида бевосита иштирок этди. Кутубхоналарига ва талабалар ётоқхоналарига бориб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишди. Давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировка дастурлари бўйича ташкил этилган дарсларда иштирок этиб, Корея давлатининг давлат хизматчилари учун ташкил этилган стажировка дарсининг ниҳоятда юқори савияда ўтганини алоҳида таъкидлашди.
Шу билан бирга, Миссури университети стажировка дастурларини ташкил этиш маркази директори Санг Ким билан музокаралар олиб борилиб, давлат хизматчиларининг қисқа муддатли стажировка дастурлари бўйича ўқишларини ташкил этиш ҳам келишиб олинди. Жамғарма тавсиясига кўра, август ойидан бошлаб Миссури университетида давлат хизматчиларининг устувор ҳисобланган аграр иқтисодиёт, давлат бошқаруви, бизнес ва халқаро таълимни ўқитиш бўйича қисқа муддатли стажировка дастурларини ташкил этиб беришда Университет ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.

Куннинг иккинчи ярмида, Миссури университетида 1 нафар бакалавриат ва 1 нафар магистратура дастурлари бўйича таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан учрашиб, уларнинг ўқишидаги муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ва келажакдаги режалари билан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини муҳокама қилган ҳолда 2022 йилдан бошлаб Жамғарманинг барча таълим дастурлари асосида таълим оладиган стипендиатларнинг ҳар бирининг ўқиш харажатлари учун чегирмалар бериш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, қисқа муддатли икки ҳафтадан бир ойгача бўлган муддатларда давлат хизматчиларининг стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш юзасидан билдирилган таклифлар қўллаб қувватланди.
Мазкур учрашувлар якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама ҳамкорлик ўрнатишга доир англашув меморандуми имзоланди.

Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

