2022 йил 21 январь куни Франция элчиси Орелиа Бушез ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори Адхам Бекмуродов, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Кампус Франс агентлиги ўртасида ваколат шартномасининг имзоланиши муносабати билан учрашди. Кампус Франс - Францияда олий таълимни ҳамда халқаро мобилликни ривожлантириш борасида ишлайдиган ва чет эллик талабаларни қабули билан шуғулланадиган агентликдир. Ушбу ваколат шартномаси, 2021 йил 21 декабрь куни икки ташкилот раҳбарлари томонидан онлайн тарзда имзоланган.
Ваколат шартномасининг имзоланиши, Франция ва Ўзбекистон университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, 2021 йил 7-9 октябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган Франция-Ўзбекистон университетлари форуми белгилаб берган мақсадларни амалга ошириш учун йўналтирилган.

Мазкур ваколат шартномаси Франция элчихонаси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида 2021 йил 10 майда тузилган, талабалар учун грантларни биргаликда молиялаштириш тўғрисидаги битимни амалга ошириш доирасида имзоланди. Бу эса ўз навбатида, ўзбек талабаларига, Францияда ўқиш учун грант олишда янги имкониятларни очиб беради. Ўзбекистонлик талабалар ўқишни давом эттириш учун қуйидаги йўналишларни танлашлари мумкин: муҳандислик, гуманитар фанлар, чет тиллари, маданият, мода, ҳуқуқ, давлат бошқаруви ва соғлиқни сақлаш. Франция элчихонаси, Кампус Франс агентлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда ўзбекистонлик иқтидорли талабаларга ўз орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш имконини беради. Шунингдек, Франциянинг етакчи олий таълим муассасаларида орттирган билимлари ва кўникмалари туфайли Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшади деб умид қилади.
Франция ва унинг 3500 та олий таълим муассасаларининг жозибадорлигидан далолат берувчи ушбу ҳамкорлик “Францияга хуш келибсиз” стратегиясининг бир қисмидир. Бу стратегияга мувофиқ Франция ҳукумати, 2027 йилгача 500 000 дан ортиқ халқаро талабаларни жалб этиш ва Франция олий таълими илғорлигинининг «элчилари»ни етиштиришни мақсад қилган.
Жамғарма Ахборот хизмати

