Жорий йилнинг 20 январь куни Жамғарманинг ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ж.Ахмедов, Таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш бўлими бошлиғи И.М.Турсунқулов, Халқаро алоқалар ва протокол бўлими бош мутахассиси A.Э.Абдуллаева, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадов ва Ньюкасл университетининг халқаро талабалар билан ишлаш бўлими раҳбари Андрю Флеминглар ўртасида Zoom платформаси орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Ньюкасл университети 1834 йилда Тиббиёт ва жарроҳлик мактаби сифатида ташкил этилган. 1852 йилда бу мактаб Дурҳам университетининг коллежига айлантирилган ва Дурҳам университетининг тиббиёт коллежи деб атала бошланган. 1871 йилда Физика коллежи ҳам ташкил этилган бўлиб, ушбу коллеж 1883 йилдан Дурҳам Физика фанлари коллежи деб ўзгартирилган. 1934 йилда иккала коллеж ҳам бирлаштирилиб, Қироллик коллежини (King’s College) сифатида ташкил этилган. Дурҳам университетининг тиббиёт коллежи тез ривожланиб, 1963 йилда Нюкасл-Апон Тайн университетига айлантирилган.
Ньюкасл университети Ньюкасл-Апон Тайндаги иккита университетдан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу университетда медицина, табиий фанлар, иқтисод, молия ва ҳуқуқ, муҳандислик мутахассисликлари бўйича жами 19 200 га яқин талабалар таҳсил олмоқда.
Бўлиб ўтган мазкур учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари, келажакда Жамғарма стипендиатларининг ушбу университетида таълим олиш имкониятлари, талаба алмашиниш дастурларини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан медицина, давлат бошқаруви, молия, халқаро ҳуқуқ, муҳандислик каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳаларда давлат хизматчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан Ньюкасл университетига борадиган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатларига барча дастурлар бўйича маълум миқдорда грант ажратишда ёрдам кўрсатиш каби таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, Жамғарма томонидан Ньюкасл университетида давлат хизматчилари учун қисқа муддатли офлайн ва онлайн малака ошириш ва стажировка курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф киритилиб университет бу масалада ҳам ёрдамга тайёрлигини билдирди.
Буюк Британиядаги элчихонаси масъул ходими Ш.Самадовнинг таклифига кўра, Ньюкасл университети ва Жамғарма ҳамкорлигида Ўзбекистон ёшлари учун мазкур университетда таълим олиш имкониятларига бағишланган вебинар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Томонлар учрашув якунида ҳамкорликда ташрифлар амалга оширишга ва меморандум имзолашга келишиб олишди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

