Мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш”га қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш учун турли соҳа ва тармоқлар бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, салоҳиятли фидойи ва изланувчан мутахассис кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шунга кўра, давлатимиз раҳбари томонидан жамиятимизнинг билимли ва истеъдодли кадрларга бўлган эҳтиёжини узоқ муддатга қондириш, иқтисодиётни рақобатбардош мутахассислар билан таъминлаш мақсадида таъсирчан ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 18 январь куни Қўқон университети “Kokand University” ҳамкорлигида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишни ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини 2022 йилги 1-стипендия танловларига кенг жалб этиш мақсадида вебинар ўтказилди.

Ушбу вебинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш бўлими бошлиғи И.Турсункулов ҳамда Қўқон университети (Kokand University) раҳбарияти, Фарғона Политехника институти, Фарғона Давлат университети, Наманган давлат университетининг профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилари, талабалари иштирок этдилар.
2022 йилги 1-стипендия танловларини мазмун-моҳияти, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида тақдимот ўтказилди. Вебинарда қатнашиш учун 200 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳамда барча қизиқувчилар иштирок этишди.
Вебинар давомида иштирокчилар Жамғарма раҳбариятига ўзларининг хорижда таълим олиш имкониятлари, танлов тартиби билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.
Жамғарма Ахборот хизмати

