“Эл-юрт умиди” жамғармасининг хорижий давлатларда таълим олиш учун
2022 йилги 1-стипендия танловини ўтказиш юзасидан
МАТБУОТ АНЖУМАНИ бўлиб ўтади
Мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кўлами, шиддати ва кенг қамрови билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сиёсатчи ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани тилга олмоқда. Бундай эътироф ҳеч муболағасиз юртимиздаги шиддатли ўзгаришларга берилган муносиб баҳодир.
Президентимиз Шарқ донишмандларининг: “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!” деган ҳикматли сўзларни мисол келтириб, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиб бораётганини, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият кераклигини, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари кузатилишини таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш”га қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш учун турли соҳа ва тармоқлар бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, салоҳиятли фидойи ва изланувчан мутахассис кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шунга кўра, давлатимиз раҳбари томонидан жамиятимизнинг билимли ва истеъдодли кадрларга бўлган эҳтиёжини узоқ муддатга қондириш, иқтисодиётни рақобатбардош мутахассислар билан таъминлаш мақсадида таъсирчан ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6168-сонли Фармонида Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодларни саралаш танлови мунтазам равишда ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун, уларнинг иш ва ўқиш жойидан қатъи назар очиқ тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Қайд этиш жоизки, республика вазирлик, идора ва ташкилотларининг хорижда тайёрланаётган юқори малакали кадрларга, шунингдек, ёшларнинг хорижда таълим олишга бўлган эҳтиёжи йилдан йилга ошиб бормоқда.
Жорий йилда 2022 йилга мўлжалланган стипендиялар танловига буюртмалар портфелини шакллантириш мақсадида республикадаги 140 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотларнинг Жамғарманинг хорижда таълим олиш дастурларига бўлган реал эҳтиёжи ўрганиб чиқилган.
Таълим дастурлари кесимида жами 2068 ўринга, жумладан бакалавриатга 253 ўрин, магистратурага 1259 ўрин ва докторантурага 556 ўринга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилган.
Мазкур эҳтиёжлардан келиб чиқиб, Васийлик кенгашининг 2021 йил
29 ноябрдаги 8-сон баёни билан хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олиш учун 2022 йилга мўлжалланган стипендиялар квотаси 420 ўрин этиб тасдиқланган.
Мазкур квоталар Жамғарма дастурлари кесимида қуйидаги кўринишда эълон қилинмоқда, жумладан бакалавриатга 120 ўрин, магистратурага 180 ўрин ва докторантурага 120 ўрин ажратилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2022 йил учун халқаро тан олинган рейтинг агентликлари томонидан ўрганилган дунёдаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасалар, ишлаб чиқариш, инновацион компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг рўйхати Жамғарма расмий веб сайтида эълон қилинди.
Жамғарма Васийлик кенгашининг 2021 йил 27 декабрдаги 9-сон баёнига асосан Жамғарманинг 2022 йилги 1-стипендия танловини ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Васийлик кенгаши томонидан номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш ва сарaлаш танловини ўтказиш муддатларини, саралаш танлови ўтказиш комиссияси таркиби ва унинг иш тартибини белгиланди.
Шу билан бирга, 2021 йил 21 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-57-сонли қарори 6-бандига мувофиқ 2020 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларнинг илғор хорижий давлатларда, шу жумладан, онлайн курсларида таълим олишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Стипендияга номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жорий йил
10 январдан 10 февралга қадар, саралаш танловини ўтказиш эса 10 февралдан 10 мартга қадар амалга оширилади ҳамда стипендия танловларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолияти ва ўқиш жойидан қатъи назар очиқ ва барча учун ягона тартибда иштирок этиш учун барча шароитлар яратилади.
Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш “Эл-юрт умиди” жамғармаси расмий веб-сайти орқали электрон шаклда ва онлайн режимида амалга ошириш чоралари кўрилди.
Жамғарма томонидан 2021 йилда ўтказилган танловлар натижаларига кўра жами 371 нафар номзодлар “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилган бўлиб, бугунги кун ҳолатига уларнинг 303 нафари Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Бельгия, Латвия, АҚШ, Канада, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Россия, Белоруссия каби ривожланган давлатларнинг нуфузли университетларига таълим олиш учун юборилган.
Бугунги кунда стипендиатлар таълим олиши режалаштирилган 70 ортиқ хорижий нуфузли университетларга Жамғарма номидан ўқиш харажатлари билан боғлиқ чегирмалар олиш учун расмий мурожаатлар қилинди.
Бакалавриат дастури бўйича хорижий олий таълим ташкилотларидан стипендиатлар ва Жамғарма томонидан жами 560,700 АҚШ доллари, магистратура дастури бўйича 195,600 АҚШ доллари, докторантура таълим дастурлари бўйича 60,000 АҚШ доллари миқдорида чегирмалар олинди.
Шунингдек, магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича
16 нафар Жамғарма стипендиатларини ўқиши тўлиқ грант асосида бўлиб, ўрта ҳисобда ҳар бир стипендиатдан 25,000 АҚШ долларидан жами 400,000 АҚШ доллари миқдорида давлат бюджетдан ажратилиши режалаштирилган маблағлар иқтисод қилинмоқда.
2021 йилдаги 3 та танлов бўйича:
- Малака ошириш ва стажировка ўташ дастури бўйича – 20,000 АҚШ доллари;
- Бакалавриат таълим дастури бўйча – 910,700 АҚШ доллари;
- Магистратура таълим дастури бўйича 320,200 АҚШ доллари;
- Докторантура таълим дастури бўйича – 72,000 АҚШ доллари;
- Тўлиқ грантлар олганлар бўйича – 500,000 АҚШ доллари,
- жами 1,822,900 АҚШ доллари миқдорида чегирмалар олинган.
Ҳисобот йилида 10 га яқин хорижий университетлар билан меморандум ва бошқа келишувларга эришилди.
Жорий йилда хорижда истиқомат қилаётган ватандош олимлар ва экспертлар иштирокида умумий ҳисобда 40 ортиқ учрашувлар ва вебинарлар ташкил этилиб, уларда 10000 дан зиёд профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ва талаблар иштирок этган.
Мазкур учрашувлар тўғрисида батафсил маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz манзилли сайтида эълон қилиб борилди.
Жамғарма томонидан 2022 йилда амалга ошириш режалаштирилган устувор вазифалар:
Республика вазирлик, идора ва ташкилотларнинг хорижда тайёрланган кадрлар, шунингдек, республика ёшларининг хорижда таълим олишга бўлган эҳтиёжи йилдан йилга ошиб бормоқда.
2022-2026 йиллар давомида Жамғарма таълим дастурлари бўйича хорижга таълим олиш учун юбориладиган ёшлар ва мутахассислар сони йилдан-йилга оширилиб, 2021 йилдаги 350 нафар ўриндан 2026 йилга келиб 700 нафарга етказиш белгиланмоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали, уларни нуфузли хорижий олийгоҳлардаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўламини 2 мартага ошириш бўйича режа-график
Шунингдек, Жамғарма танловларини ўтказишда, 2021 йилда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, 2022 йилдан бошлаб стипендия танловларини етакчи хорижий давлатларнинг таълим тизими, қабул ва ўқув жараёнларига мос даврларда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик, идора, ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларининг мутахассислари ва профессор-ўқитувчиларни хорижга малака ошириш ва стажировкадан ўтишга юборишда, вазирлик, идора, ташкилотлар ва таълим муассасаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, буюртмачи ташкилотларнинг мақсадли буюртмасига асосан мутахассислар ва профессор-ўқитувчиларни хорижда тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилган.
Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мулоқотларни ташкил этиш ва улар билан ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш каби вазифалар режалаштирилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олиш учун
2022 йилги 1-стипендия танловини ўтказиш юзасидан
МАТБУОТ АНЖУМАНИНИНГ ДАСТУРИ
1. Кириш сўзи. Жамғарма томонидан ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, 2022 йилги 1-стипендия танлови учун ажратилган ўринлар, йўналишлар, стипендия танловини ўтказиш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида.
(Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов). (15 минут).
2. Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказиладиган навбатдаги танловларни кенг оммага етказиш ва эълон қилиш мақсадида расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларидаги каналларида, ҳамда онлайн ҳужжат топшириш платформаси ҳақида ва қандай қилиб топшириш, шу билан бирга оммавий ахборот воситаларида Жамғарманинг танловлари борасидаги янгиликларини ёритиб бориш тўғрисида.
(Жамғарма Ахборот хизмати раҳбари М. Содиқов) (5 минут).
3. Савол-жавоблар, муҳокама ва таклифлар, якуний хулоса.
Мурожаат учун телефонлар: Тел: (998 71) 203-14-41 – (998 71) 203-00-47.
Манзил: Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси 13, “Эл-юрт умиди” жамғармаси
www.eyuf.uz
facebook.com/eyuf.uz
instagram.com/elyurtumidifoundation
twitter.com/elyurtumidi
t.me/elyurtumidifoundation
https://www.youtube.com/channel/UC51BiKIvfQSuY0-kEYoRJfA
Жамғарма Ахборот хизмати

