Жорий йилнинг 10 ноябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ҳамда Америка Қўшма Штатларининг нуфузли Аризона университети раҳбарияти билан ZOOM платформаси орқали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мазкур университетда таълим олаётган Жамғарма стипендиатларини ўқишлари билан боғлиқ масалалар шунингдек, давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировка дастурларини ташкил этиш юзасидан онлайн учрашув бўлиб ўтган эди. Мазкур учрашувда университет раҳбариятининг Ўзбекистонга, яъни Жамғармага расмий ташриф буюришига келишиб олинган эди.
Шу муносабат билан, Университетнинг Чет-эл талабаларини қабул қилиш бўлими директори Толга Туркер (Tolga Turker), Халқаро идоралар билан ишлаш бўйича декан муовини Стефани Aдамсон (Stephanie Adamson) ва Халқаро талабалар билан ишлаш бўйича директор Людмила Кларк (Ludmila Clarke) жорий йилнинг 2 декабрь куни
“Эл-юрт умиди” жамғармасига ташриф буюрди.


Расмий ташриф куннинг биринчи ярмида Жамғарма раҳбарияти билан бугунги кунда Аризона университетида таълим олаётган 9 нафар Жамғарма стипендиатларининг ўқиш ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек Жамғарманинг 2021 йилдаги стипендия танловларида ғолиб бўлган ва юборилиши режалаштирилаётган 20 дан ортиқ стипендиатларнинг университетда таълим олишини ташкил этишга қаратилган музокаралар билан бошланди.
Учрашувда давомида Аризона университетида таълим олиши режалаштирилган Жамғарма стипендиатларнинг ўқиш ва бошқа тўловлар учун чегирмалар берилиш масаласи муҳокама қилинди.


Бундан ташқари делегация аъзолари билан Ўзбекистон республикаси президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг масъуллари ҳам учрашди. Агентлик буюртмачи ташкилот сифатида давлат хизматчиларини нуфузли университетда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўташ курсларини ташкил этиш юзасидан таклифлари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Аризона университети вакиллари томонидан республикамиздаги олий таълим муассасаларининг 500 нафарга яқин битирувчилари учун АҚШнинг нуфузли университетларидан қандай қилиб таклифнома хатини олиш, чегирмалар, грантлар ютиш имкониятларига бағишланган онлайн вебинар бўлиб ўтди.


Шундан сўнг, меҳмонлар ва Жамғарма танловларида ғолиб бўлган АҚШнинг нуфузли университетларига таълим олиш учун кетаётган 40 дан ортиқ стипендиатлар учун АҚШнинг нуфузли таълим муассасаларида таълим олиш жараёнлари, талабларга яратилган имкониятлар, хорижий талабларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизми, ўқиш жараёнида стипендиатлар эътибор қаратиши лозим бўлган масалаларга доир маҳорат дарси ташкил этилди.
Учрашув якунида ҳамкорлик алоқалари кенгайтириш ва ўзаро ташрифларни амалга оширишга келишиб олинди.


Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

