Жорий йилнинг 1 декабрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарманинг ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ж.Ахмедов, Таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш бўлими бошлиғи И.М.Турсунқулов, Халқаро алоқалар ва протокол бўлими бош мутахассиси A.Э.Абдуллаева ва Хорижда стипендиатлар таълим олишини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Ж.Н.Исроилов АҚШнинг Колумбия шаҳрида жойлашган нуфузли университетлардан бири ҳисобланган Миссури университетининг халқаро дастурлар бўйича ректор ўринбосари, доцент Мэри Стэгмэер, ўқув режаси ва дастурларни ишлаб чиқиш бўлими раҳбари Аманда Кар, Осиё давлатлари бўйича марказ раҳбари Санг Ким, халқаро талабалар билан ишлаш бўлимидан Ран Грифиин ва Джилиан Коллинс билан Zoom платформаси орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Миссури университети AҚШнинг Колумбия штатида жойлашган жамоат тадқиқот университети ҳисобланади. У 1839 йилда ташкил этилган бўлиб, Миссисипи дарёсининг ғарбий соҳилидаги биринчи давлат университетидир. Миссури университети ўз штатининг энг йирик университети ва бу ерда AҚШнинг барча штатларидан ҳамда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 30 минг талаба 270 мутахассислик бўйича таҳсил олади.
Бўлиб ўтган мазкур учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари, келажакда Жамғарма стипендиатларининг ушбу университетида таълим олиш имкониятлари, талаба алмашиниш дастурларини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви, молия, халқаро ҳуқуқ каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳаларда давлат хизматчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил қилиш, АҚШнинг нуфузли корхона ва инновацион компанияларида амалиёт ўташига имконият яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Осиё давлатлари бўйича марказ раҳбари Санг Ким Миссури университетида ташкил этилган Миссури малака ошириш институтида олиб бориладиган дастурлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Мулоқот сўнгида Жамғарма раҳбарияти республикадаги вазирлик, идора ва ташкилотларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда давлат хизматчилари учун Миссури университетида малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тақдим этишини билдирди. Бундан ташқари 2022 йилда ўтказиладиган навбатдаги танловлар олдидан Миссури университетида ўқиш имкониятларига бағишланган республика ОТМлари битирувчилари учун жорий йилнинг декабрь ойида вебинар ўтказиш масалалари муҳокама қилиб олинди.
Томонлар учрашув якунида ҳамкорлик алоқалари кенгайтириш ва ўзаро ташрифларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

