Жорий йилнинг 30 ноябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор А.Ш.Бекмуродов ва Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Франция томонидан Орелия Бушез хоним билан Лоран Ориоль - маданият ва ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи, Маэва Годар - Техник ҳамкорлик лойиҳаси координатори ва Кампус Франc (Campus France) агентлиги комиссари ва таржимон Ислом Бердиоров ҳамда Жамғарма томонидан ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ж. Ахмедов ва Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими бош мутахассиси A.Э.Абдуллаева иштирок этди.
Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ўзбекистонда сўнги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб хусусан давлат раҳбарининг таълим соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари доимий эътибор марказида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун ҳамкорликда молиялаштириш дастурларини яратиш ҳамда Ўзбекистонлик талабаларнинг Францияда ўқиш ва амалиёт ўташ имкониятларини ошириш, Жамғарманинг Франция элчихонаси ва Campus France агентлиги билан ҳамкорликда молиялаштириладиган таълим дастурини ташкил этишни муҳокама қилиш ҳамда Франциянинг давлат бошқаруви бўйича давлат хизматчиларини ўқитадиган муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, давлат хизматчилари ҳамда ўрта бўғин раҳбар кадрлари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида 2021 йил 10 майда Францияда таълим олиш грантларини қўшма молиялаштириш тўғрисида келишув имзоланган.
Мазкур келишувга мувофиқ, Франция элчихонаси томонидан Жамғарма таълим дастурларини Франция давлатида Campus France агентлиги орқали ташкил этиш таклифи кўриб чиқилган.
Келишувга кўра танловда иштирок этган, аммо француз тилини билиш даражаси бўйича Франция томони талабларига жавоб бермайдиган номзодларни француз тилига 6 ойга қадар Ўзбекистонда интенсив ўқитиш харажатлари ҳам Франция элчихонаси томонидан қопланиши белгиланган.


Шунингдек, француз тилига ўқитишни ташкил этиш ва бошқариш харажатлари эса “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши қарорига кўра Жамғарма томонидан молиялаштирилади.
Ушбу харажатлар Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг бир стипендиатига мўлжалланган стипендиясининг энг юқори меъёрини белгилаш ва уни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Низоми билан белгиланган меъёрлардан ортиқ эмас.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун Франция элчихонаси томонидан ажратиладиган грантлар миқдорини эътиборга олган ҳолда, Campus France агентлигига ўтказиб берилиши лозим бўлган маблағ миқдорини чегириб ташлаганда, ҳар бир стипендиат учун иқтисод қилинадиган маблағ миқдори бакалавриат дастури учун 3376,08 Евро, магистратура дастури учун 4376,08 Евро ва докторантура дастури учун 986,08 Еврони ташкил этади.
Жамғарманинг стипендиялари учун ажратиладиган квоталар доирасида бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича ҳар йили Франция давлатида Campus France агентлиги орқали 50 тагача стипендиатларнинг таълим олишини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Франция давлатининг нуфузли университетларига таълим олишга юбориладиган номзодларни Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси
ва Campus France агентлигининг талаблари асосида саралаб олиниши режалаштирилмоқда.
Мулоқот давомида Орелия Бушез хоним Ўзбекистондаги ёш мутахассисларини Франция йирик корхоналарида стажировка ўташини Франция ҳукумати ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорликда ташкил этишга яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари келажакда Жамғарма стипендиатлари Франциянинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятлари, Франция томонидан Жамғарма учун ажратиладиган алоҳида грантлар, Жамғарманинг таълим дастурларини молиялаштириш харажатлари ва бошқа чегирмалар берилиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан нанотехнологиялар, сунъий интеллект, атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, геология, металлургия, машинасозлик, туризм, кулинария, меҳмонхона иши каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳалар бўйича малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Жамғарма томонидан Франциянинг нуфузли университетлари ва инновацион компанияларида давлат хизматчилари ҳамда ўрта бўғин раҳбар кадрлари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф киритилиб, Орелия Бушез хоним бу масалани ўрганиб чиқиши, имкон қадар ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Томонлар учрашув якунида мулоқотларни давом эттириш ва доимий ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

