Жорий йилнинг 15 ноябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Бўлим бошлиғи Ж.Курёзов ва Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими бош мутахассиси А.Э.Абдуллаева ҳамда Малайзиянинг халқаро «Binary» бошқарув ва тадбиркорлик университети раҳбарияти: университет асосчиси
ва раҳбари Жозеф Адайкалам, университет проректор ўринбосари Рохини Деви, Халқаро муносабатлар бўйича директор жаноб Гилберт Адайкалам ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад бугунги кунда давлат ташкилотларнинг мақсадли буюртмасига асосан давлат хизматчилари ва мутахассислари учун офлайн ва онлайн малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш эди.


«Binary» бошқарув ва тадбиркорлик университети, 1984-йилда ташкил этилган бўлиб, бошқарув, ахборот технологиялари ва тадбиркорлик соҳаларида таълим олиш ва малака ошириш учун Малайзиянинг махсус ихтисослаштирилган ўқув муассасаси ҳисобланади. Хусусан, университет қишлоқ хўжалиги, туризм, АКТ, молиявий хизматлар ва қурилиш индустрияси соҳаларида тадбиркорликни амалга ошириш дастурларини тақдим этади. Ҳозирги кунда ушбу олийгоҳда 60 давлатдан келган талабалар таҳсил олишмоқда, шу жумладан, ҳукумат ва ЮНЕСКО грантлари асосида.
Университетнинг барча дастурлари Буюк Британия Университетлари Aссоциацияси, Франция Университетлари Халқаро Aссоциацияси ва Малайзия Малака идораси томонидан тан олинган.
Университет шунингдек, тадқиқотга катта эътибор беради ва шу мақсадда ижтимоий тадбиркорлик, аёллар етакчилиги, бизнес тадбиркорлиги ва илғор менежмент соҳаларида ихтисослашган тадқиқот марказларига эга.
Университет битирувчиларининг бандлик даражаси 96% (манба: MOHE Tracer Study) ни ташкил этади, бу мамлакатдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
Университет бутун дунё бўйлаб кучли саноат алоқаларига эга ва дунёнинг олтита етакчи ҳисоблаш гигантлари - IBM, Oracle, Lotus, SAP ва Microsoft билан стратегик ҳамкорликка асос солган. Бундан ташқари Siemens Nixdorf, Arthur Anderson, IBM, Philip, HSBC, Ericsson, Citibank, Sony каби халқаро фирмалар билан университетнинг ҳамкорлиги талабаларга турли хил тадқиқотлар олиб боришлари учун саноат лойиҳаларини амалга ошириш имконини беради.


Бинари университетининг бошқа нуфузли университетлардан фарқли жиҳати - бу битирувчи тадбиркорларни тайёрлашга ихтисослашган ва асосий урғуни айнан шу йўналишга қаратишидир.
Учрашув сўнгида, “Эл-юрт умиди” жамғармаси «Binary» бошқарув
ва тадбиркорлик университети билан биргаликда давлат хизматчилари учун логистика, АКТ, молия, ислом молияси, туризм ва қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича офлайн ва онлайн малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил этишда ҳамкорлик ўрнатиш, келгусида Ўзбекистоннинг турли соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган мутахассисларни ҳамкорликда ўқитишга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

