2021 йил 27 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ханянг университетининг халқаро алоқалар бўлими катта менежери Ким Бокюн билан онлайн учрашув бўлиб ўтди. Жамғарма томонидан Жамғарма ахборот хизмати раҳбари M.Содиқов иштирок этди.
Ҳамкорликдан кўзланган мақсад таълим соҳасида узоқ муддатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш, ёшларни етакчи олий ўқув юртларида магистратура ва докторантура йўналишларида ўқитишдан иборат.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, таълим соҳасидаги истиқболдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро давлатлар ўртасидаги халқаро тажрибани алмашиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашувда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ханянг университети ўртасида фаол алоқа ва ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро мобиллик ва ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар ва университет ёш ўқитувчилари учун янги тажрибаларни ўзлаштириш мақсадида Ханянг университетига академик ташрифлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жамғарма ахборот хизмати раҳбари M.Содиқов икки томонлама ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореянинг олий ўқув юртларида, хусусан, Ханянг университетида таълим олиш, профессор-ўқитувчи ва ёш мутахассисларни тайёрлаш учун Жамғарма тайёр эканлигини билдирди.
Ханянг университетининг халқаро алоқалар бўлими катта менежери Ким Бокюн Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Жанубий Корея учун муҳим аҳамият ўйнашини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ёш мутахассисларнинг ушбу университетга қандай ўқишга киришлари, қандай талаблар ва ҳужжатлар талаб қилинишини учун семинар ва вебинар ташкил қилиш, ҳамда бошқа дастурларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни келишиб олишди.
Маълумот учун: Ханянг университети “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкори ҳисобланади. 2019 йилнинг 4 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ханянг университети (Жанубий Корея) ўртасида икки томонлама узоқ муддатли шартнома имзоланди. Ханянг университети Кореядаги энг машҳур университетлардан бири - хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, QS ва THE рейтингида 156-ўринни эгаллайди.
Жамғарма Ахборот хизмати

