Жорий йилнинг 23 октябрь куни «Эл-юрт умиди» жамғармасида Жамғарма ижрочи директор А.Ш.Бекмуродов ва Германия Иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэл Хармс ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Жамғарма томонидан ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ж.Ахмедов, бўлим бошлиқлари Ж.Курязов ва A.Э.Абдуллаева иштирок этди.
Германиялик меҳмон Ўзбекистоннинг Германиядаги Элчихонаси таклифига мувофиқ 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови жараёнида хорижий кузатувчи сифатида иштирок этиш учун бизнинг мамлакатга ташриф буюрган.
Германиялик меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ўтган икки йил давомида Тошкент шаҳридаги яратувчанлик ишларини, хусусан, қурилиш соҳасидаги янгиликларни алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бардавомлиги ва давлатнинг бизнесни қўллаб-қувватлашга бераётган доимий эътиборини инобатга олиб, Германия ҳукумати бутун Марказий Осиё ҳудудида фақат Ўзбекистонда иқтисодий қўллаб-қувватлаш дастурларини давом эттираётганлиги жаноб М.Хармс томонидан алоҳида таъкидланди.
Учрашувда Жамғарма ижрочи директори 2019 йил май-август ойларида республикамизнинг 14 нафар ёш мутахассислари учун 6 ойга мўлжалланган стажировка дастури орқали Германиянинг йирик инновацион компанияларида тўлиқ грант асосида тажриба алмашиш имкониятини яратиб бергани учун Германия Иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэл Хармсга миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида Михаэл Хармс Ўзбекистондаги ёш мутахассисларини Германия йирик корхоналарида стажировка ўташини Германия ҳукумати, немис ишбилармон доира вакиллари ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда молиялаштириш борасидаги тажрибани яна давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари келажакда Жамғарма стипендиатлари Германиянинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятлари, Германия томонидан Жамғарма учун ажратиладиган алоҳида грантлар, Жамғарманинг таълим дастурларини молиялаштириш харажатлари ва бошқа чегирмалар берилиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри мақсадли буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан нанотехнологиялар, IT ва рақамли технологиялар, сунъий интеллект, атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология, геология, металлургия, машинасозлик каби бугунги кундаги устувор ҳисобланган соҳалар бўйича малака ошириш ва стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Жамғарма томонидан Германиянинг нуфузли университетлари ва инновацион компанияларида давлат хизматчилари ҳамда ўрта бўғин раҳбар кадрлари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтиш курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф киритилиб, Михаэл Хармс бу масалани ўрганиб чиқиши ва имкон қадар ёрдамга тайёрлигини маълум қилди.

Мазкур учрашув сўнгида Михаэл Хармс Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириб, келгусида Ўзбекистоннинг таълим соҳасини ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Томонлар учрашув якунида мулоқотларни давом эттириш ва ҳамкорликда ташрифларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни
ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

